Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги финалида ОКМК сенсацион равишда «Пахтакор»ни мағлуб этди.
17-дақиқада «Пахтакор» сардори Марко Симич ўз жарима майдонида Камолиддин Мурзоевнинг қўлидан ушлаб қолди, натижада белгиланган пенальтини Йован Жокич муваффақиятли амалга ошириб, ҳисобни очди.

54-дақиқада «Пахтакор»нинг бразилиялик ҳужумчиси Тиаго Безеррани олмалиқлар легионери Владимир Бубанья чалиб йиқитгандек бўлди. Бироз баҳсли туюлган вазиятда ҳакам ўн бир метрлик нуқтани кўрсатди: Исмаэль Гонсалвеш имкониятни қўлдан бой бермади ва ҳисоб тенглашди – 1:1.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Бахтиёр Ашурматов шогирдлари яна ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Бу вазиятда Ойбек Қиличев ўзига яқин масофада очиқ турган Жокичга вақтида пас узата олди, Йован эса жарима майдони чизиғи яқинида тўпни тўхтатмасдан дарвозанинг узоқ бурчагига аниқ йўналтирди – 2:1.
Ўйиннинг сўнгги дақиқаси ўтиб бораётган паллада Жасур Ҳасанов ўз қанотидан жарима майдонига кириб келиб, тўпни Музаффаровга узатди, унинг зарбасини Элдор Суюнов қайтаришга эришди. Аммо дарвозабондан қайтган тўп Зоҳир Пиримовга келиб тушгач, у ўйинга якуний нуқтани қўйди – 3:1 ва ОКМК - Ўзбекистон кубоги соҳиби.

Шу тариқа, Олмалиқ шаҳри жамоаси ўз тарихида илк марта Ўзбекистон кубоги финалида ўйнаш билан бирга унда бош соврин соҳиби бўлишга эришди. Натижада клуб келаси мавсум Осиё Чемпионлар лигаси учун саралаш ўйинида қатнашадиган бўлди. Бахтиёр Ашурматов жамоаси 2019 йилнинг 12 февралида Ироқнинг «Ан-Наср» клубига қарши ўйнайди. Бир учрашувдан иборат плей-оффда ғалаба қозонишса, олмалиқлар ўз тарихида илк бор ОЧЛда иштирок этиши мумкин бўлади.

Ўзбекистон кубоги, финал
28 октябрь. Фарғона, «Истиқлол» стадиони. 11152 томошабин
ОКМК – ПАХТАКОР – 3:1 (1:0)
Голлар: Жокич (18 пен, 57), Пиримов (90) - Гонсалвеш (54, пен)
ОКМК















