Икки кун олдин “Барселона” “Реал” устидан 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва Хулен Лопетегини жарликнинг қирғоғига олиб келиб қўйди. Сўнгги нуқтани эса кеча мадридликлар раҳбарияти мураббийнинг истеъфоси ҳақидаги расмий хабар билан қўйдилар.
Атиги тўрт ой ичида испаниялик мутахассис жуда нуфузли икки ишдан айрилди. Аввалига Испания терма жамоаси ва мана энди “Реал”.

Истеъфо ҳақидаги расмий хабарнинг учинчи хатбошисида клуб мураббийни тўғридан тўғри айблаётганини кўриш мумкин. “Жамоа таркибида тарихда биринчи марта “Олтин тўп” соврини учун номзод бўлган саккиз нафар футболчи тўп сурмоқда. Таркиб сифати ва қайд этилаётган натижа ўртасида жуда катта тафовут бор”, деб ёзилади баёнотда.
“Реал” бош мураббийи вазифасини вақтинча бажарувчи этиб, “Кастилья”ни (“Реал”нинг ўринбосарлар жамоаси) бошқариб турган 42 ёшли аргентиналик мутахассис Сантьяго Солари тайинланди. Ўз вақтида Солари жамоа ярим ҳимоячиси бўлган ва аср бошларида мадридликлар билан биргаликда иккита Испания чемпионлиги ва суперкубогини ютган.

2013 йилда у “Реал” тизимида иш бошлади ва турли ёшдаги болалар жамоаларини бошқариб келди. Аввалига 15-16 ёшлилар, кейин 17-19 ва ниҳоят, 2016 нинг ёзидан бошлаб “Кастилья” бош мураббийи этиб тайинланганди. Икки тўлиқ ва жорий мавсумнинг 10 туридан сўнг Сантьяго Солари карьерасидаги пиллапояларда навбатдаги қадамни қўйди.
Ҳозирги вазият уч йил олдин Рафаель Бенитес ва Зинедин Зидан билан рўй берган ҳолатнинг айнан ўзгинаси. Перес ўшанда илк мавсумини ўтказаётган Бенитесни истеъфога чиқариб, унинг ўрнига Зиданни тайинлаган. Франциялик мураббий ўша пайтда “Кастилья”ни бошқараётганди. Натижа нима бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз – бу давр “Реал”нинг янги тарихидаги энг сермаҳсул йиллар бўлди: жамоа қаторасига уч бора Европа Чемпионлар лигасини ютди, бир марта Испания чемпионлиги ва яна бир нечта кубокларнинг соҳибига айланди. Хўш, Солари ҳам собиқ жамоадошининг йўлидан бора оладими?

Назарий томондан ҳамма нарса бўлиши мумкин, лекин амалда... Биринчидан, Соларининг келажаги ҳали аниқ эмас. У “Реал”ни вақтинчалик бошқарувчи мақомида фақат икки ҳафта қола олади. Испания Ла Лигаси қоидалари шундай. Клуб мана шу ўн беш кун ичида доимий мураббий борасида бир қарорга келиши шарт. Бу муддатда ё Солари бош мураббий сифатида клуб билан шартнома имзолаши ёки янги бош мураббий исми эълон қилиниши керак.
















