Хива шаҳридаги баланд деворлар билан ўралган Ичан Қалъа тарихий мажмуаси Марказий Осиёнинг Жаҳон мероси рўйхатига қўшилган биринчи ёдгорлигидир. KUN.UZ мухбири Ўзбекистон хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси таклифига биноан "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ томонидан ташкиллаштирилган медиа-тур давомида Хивада бўлиб, ушбу кўҳна шаҳар ёдгорликларига оид маълумотлар ва суратлар билан бўлишди.

Юзлаб йиллар давомида қад кўтарган қалъа ва саройлар, масжид ва мадрасалар, мақбара ва миноралар, карвонсаройлар ва ҳаммомлар Ичан-Қалъани ноёб тарихий шаҳарчага айлантирган.

Хивадаги обидаларнинг майолик қопламаси ўзига хос услубда бўлиб, уларга асосан тўқ кўк рангдан ҳаворанг ва оқ ранггача бўлган бўёқларда ишлов берилган, баъзи жойларида эса жигарранг безакларга ҳам кўзимиз тушади.

Хиванинг меъморчилик ёдгорликларида кўпинча узум барглари ва мевасини ёдга солувчи нақшлар туширилган. Дарахтга нақш ўйиш – Хоразм санъат турларидан бири.

Бу ерда кўп жойларда турли нақшлар туширилган ёғоч устунлар ва эшикларни кўриш мумкин.

Кўп қадимги уйлар хусусий меҳмонхоналар ва меҳмон уйларига айлантирилган.