«Минималка» оширилади, савдо-сотиқ қилиш қоидалари соддалаштирилади, уннинг бозор нархлари жорий этилади. Norma 2018 йил ноябрдаги шу ва бошқа янгиликлар ҳақида шарҳ тақдим этди.
  
Биринчидан, энг кам иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар ўрта ҳисобда 10%га оширилади. Эслатиб ўтамиз, бу йил давомидаги иккинчи индексация. Аввалгиси 15 июлда амалга оширилган, унинг ўртача миқдори 7%ни ташкил этган эди.
 
Иккинчидан, савдони эркинлаштиришнинг навбатдаги босқичи бошланади:
 
а) товар-хом ашё биржалари биржада сотиладиган маҳсулотларни сақлаш ва логистика қилиш, шунингдек АКТни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича шуъба хўжалик бирлашмаларини туза оладилар. Импорт бўйича олиб келинган юқори ликвидли маҳсулотлар эса ички бозорда чекловларсиз – биржа орқали ёки тўғридан-тўғри сотилиши мумкин (илгари – фақат биржа орқали);
 
б) нақд пул тушумини топшириш/инкассация қилиш тартиби соддалаштирилади, корпоратив банк карталари ёрдамида ҳисоб-китоб қилганда эса олди-сотди шартномасини тузмаслик мумкин, бироқ инвойс (ҳисобварақ-фактура) расмийлаштириш зарур.
 
Учинчидан, 1-нав буғдой уни нархини белгилашнинг бозор механизмлари жорий этилади. Эслатиб ўтамиз, 15 сентябрдан буён тартибга солинадиган улгуржи сотиш нархи – 1 кг учун 1 400 сўм амал қилиб келмоқда.

Тўртинчидан, ой бошидан бошлаб фармацевтика соҳасида янги қоидалар қўлланилади:
 
а) дори воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги гувоҳномаси ўрнига тегишли Давлат реестридан кўчирма берилади. У ариза берувчининг хоҳишига кўра тақдим этилади. Давлат хизматлари кўрсатилганда кўчирма талаб қилинмайди, у давлат органларига тўғридан-тўғри электрон кўринишда (ариза берувчининг иштирокисиз) юборилади. Тартибга солувчи ҳужжатга айни пайтгача тузатишлар киритилмаганлиги боис мазкур кўчирма ҳақ эвазига берилиш/берилмаслиги масаласи очиқлигича қолмоқда (рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини берганлик учун 2 ЭКИҲ ундирилар эди). Бундан буён рўйхатдан ўтишнинг амал қилиш муддатини узайтириш керак эмаслиги қувонарли ҳол. Дастлабки 5 йиллик муддат ўтгач, Давлат реестрига маълумотлар киритилади ва унда доим сақланади;
 
б) дорихоналар ва унинг филиаллари «ангро» маҳсулотини (йирик қадоқдаги дори воситалари ва кейинчалик ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган хом ашё) сотишга ҳақлилар. Уни махсус ускунадан фойдаланган ҳолда ўзлари қадоқлашлари, ўрашлари ва маркировка қилишлари мумкин. Тиббиёт муассасалари, ш.ж. давлат тиббиёт муассасалари «ангро» маҳсулотини сотиб олишлари мумкин. Сотиш тартиби 1 ноябргача тасдиқланиши керак эди.