29 октябрь куни “Хоразм ёшлари” газетаси муҳаррири ўринбосари Давлатназар Рўзметов Қўшкўпир туманида ҳибсга олинди.
Давлат Назар тахаллуси билан мақолалар ёзган журналист Қўшкўпир тумани Маъмурий ишлар бўйича суд қарорига кўра 7 суткага қамалган.
25 ёки 27 октябрь куни Давлатназар Рўзметов Қўшкўпир тумани ҳокимлигида ўтказилган кечки йиғилишда қатнашган. Шундан сўнг, у уйига келмаган.
Рўзметовнинг турмуш ўртоғи Ленинза Алиева сўзларига кўра, бу воқеа 25 октябрь, пайшанба куни содир бўлган. Шу куни кечқурун эри уйга келмаган ва Хива туманидаги наркология диспансерига олиб кетилган:
“Отам вафот қилгани туфайли, Хива туманида маъракада эдим. Уйга келсам, ҳеч ким йўқ, болалар ҳам қаровсиз қолган экан. Эрим баъзан тўй, баъзан хизмат юзасидан ишхонасида ёки дўстлариникида қолар эди. Бу сафар ҳам шундай бўлгандир, деб ўйладим. Телефон қилсам, жавоб бермади. Шундан сўнг, хавотир олиб, ярим тунда Қўшкўпир тумани ИИБга қўнғироқ қилдим ва эримнинг наркология диспансерига олиб кетилганини билдим. Навбатчидан гап нимада эканини сўрасам, “хавотир олманг, эрталаб қўйиб юборишади”, деди. Эртасига эримнинг ўзи қўнғироқ қилиб, “мен ишдаман, хавотир олма, тўйда бироз ичган эдим, мажлисда сал қуюшқондан чиқибман”, деб айтди”.
Қўшкўпир туманида ўтказилган кечки йиғилишда қатнашган, туман ижтимоий соҳа бўйича бош мутахассиси Дониёр Садуллаев сўзларига кўра, воқеа 27 октябрь куни содир бўлган.
“Шу куни туман ҳокими Жўрабек Раҳимов йиғилиш ўтказди. Унда маҳалла раислари, котиблари, тарғиботчилари қатнашди. Бир маҳал Давлатназар Рўзметов телефонини юқорига кўтариб (камерасини ишлатган ҳолда бўлса керак), “Ёраман ҳаммасини!” (ҳаммани боплайман) деб кириб кетди. Унинг ичгани, маст экани сезилиб турарди. У ичкарида бироз шовқин-сурон кўтарди, бироқ ҳеч ким билан тортишмади, жанжал қилмади. Ичкарига кириб, “Бу очиқ мажлисми ёки ёпиқ мажлисми? Мен “Хоразм ёшлари” газетаси муҳаррири ўринбосариман”, деди. Бу мажлисда пахта теримчиларига ёғ тарқатиш масаласи кўрилаётганди. Менимча, Рўзметов бу ерда ўқитувчи ва шифокорларни пахтага чиқариш масаласи кўрилаётган, деб ўйлаган шекилли. Мажлисдан кейин ўзи ҳам буни тан олди. Аммо бу ерда халқ таълими бўлими ёки тиббиёт бирлашмасидан ҳеч ким йўқ эди. Мажлис тугаганидан сўнг, ҳаммамиз чиқиб кетдик. Рўзметов ҳам биз билан бирга чиқди. Шундан кейинги воқеалардан хабарим йўқ”.
Мажлисдан сўнг Давлатназар Рўзметов ИИБ ходимлари томонидан Хива туманидаги наркология диспансерига олиб кетилган ва эрталабгача ушлаб турилиб, кейин қўйиб юборилган. Шу куни у уйига келмасдан, тўғри ишга — Урганч шаҳрига кетган.
29 октябрь куни Рўзметов Қўшкўпир тумани ИИБ ходимлари томонидан ҳибсга олинган ва судланган. Бу ҳақда Ленинза Алиева гапириб берди.








