АПЛнинг 2018/19 йилги мавсуми боши фақат «Ливерпуль»нинг чемпионлик учун жиддий даъвогарлик қилаётгани билан эмас, ноябргача ҳам биронта мураббий истеъфога чиқарилмагани билан ажралиб турибди. Охирги 6 йилда чемпионатнинг дастлабки 3 ойида бирорта ҳам мураббий ишдан бўшатилмаслиги фақат иккинчи марта рўй бермоқда – 2017/18 йилги мавсумда ноябрга қадар 3 мураббий ишсиз қолиб бўлганди. Лекин қайд этиш керакки, АПЛда бир неча жамоада старт муваффақиятсиз кечди ва уларнинг мураббийлари ишсиз қолиш хавфи остида қолган.

Жозе Моуриньо, «Манчестер Юнайтед»

Португалиялик мураббий – истеъфоси энг кўп муҳокама қилинаётган мутахассис бўлиб турибди. Жозенинг «Манчестер Юнайтед»даги курсиси бир йил муқаддам қимирлашни бошлаган, аммо Эд Вудворд 2018 йил январида Моуриньо билан янги – 2020 йилга қадар мўлжалланган янги шартнома имзолаганди.

Бунинг уч сабаби бор. Биринчиси – Моуриньо дебют мавсумида 3 турнирда ғалаба қозонганди: «Биз юқори стандартлар ўрнатдик, 3 совринни қўлга киритдик, аммо бу билан чекланмаймиз». Тўғри, «қизил иблислар» иккинчи даражали турнирларда ғолиб чиқишганди: Европа Лигаси, Англия Кубоги ва Англия Суперкубоги – учинчи соврин битта ўйинда қўлга киритилди, «МЮ» эса бу финал ўйинида ван Галнинг меҳнатлари эвазига ютиб олинган Кубок туфайли иштирок этди. Иккинчи мавсумда «Юнайтед» ҳеч нарса ютиб ололмади.

Фото: Chris Brunskill/Fantasista/Getty Images

Иккинчи сабаб – ёш футболчилар билан ишлаш. «Жозе клуб истаги бўйича иш тутиб, ёш футболчиларни асосий жамоага киритиб келмоқда», — деганди Вудворд январда. «Юнайтед» ижрочи директори айнан кимларни назарда тутганига аниқлик киритмаган. Аслида Моуриньо Мактоминейни Погбанинг ақлини киритиб қўйиш учун ўйнатмаганмиди? 2017/18 йилги мавсумнинг биринчи ярмида ёрқин ўйинлар кўрсатган Антони Марсиял эса иккинчи даврани захира ўриндиғида ўтказди. Мавсум бошида иккита яхши ўйин ўтказган Перейра йўқолиб қолди, Фосу-Менса ижарама-ижара юрибди, бу вақтда эса «Юнайтед»да Янг асосий ўнг қанот ҳимоячиси. Ҳатто ван Гаалнинг кашфиёти бўлмиш Рэшфорд жорий мавсумда атиги 3 ўйинда майдонга тушган.

Учинчи сабаб – 2018 йилнинг январида жамоа АПЛда иккинчи ўринда бўлганидир. «Манчестер Юнайтед» Англия чемпионлиги учун имконият сақлаб қолганди (гарчи биринчи ўриндаги «Сити» билан орадаги фарқ 13 очкони ташкил этган бўлсада), таққослаш учун жамоа 2015/16 йилги мавсумда бешинчи, 2016/17 йилги мавсумда олтинчи ўринда эди. Лекин ўтган мавсумда жамоага кўп ўйинларда омад кулиб боққан, агар ҳужумчиларнинг йўқ жойдан голлар уриши ва дарвозабоннинг сэйвлари бўлмаганида «Юнайтед» кучли олтиликдан ҳам ташқарида қолиши мумкин эди.