Яқинда «Kun.uz» сайтида «Бу йил кўмир неча пул бўлади?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Кўмир таъминоти ва нархлари бўйича сўз борган мақоладан сўнг таҳририятимизга кўмирни биржа орқали харид қилиш шартлари, бу маҳсулот баҳоси бўйича кўплаб саволлар келиб тушди. Уларга жавоб олиш мақсадида «Ўзбекистон республикаси товар хом-ашё биржаси» («ЎзРТХБ») АЖ бошқарув раиси в.в.б Фарохидин Ибрагимов билан суҳбатлашдик.

– Фарохидин ака, айтингчи, нега кўмир биржа савдолари орқали сотилади ва уни харид қилиш шартлари қанақа?
– Давлатимиз иқтисодиётининг бозор тамойиллари асосида, тенг рақобат муҳитида ривожланишининг асосий шартларидан бири эркин савдолар уюштириш, товар хом-ашё ресурсларига шаффоф механизмлар орқали эгалик қилишдир.
Ана шундай усуллардан бири ва асосийси маҳсулотларнинг, хусусан тошкўмирнинг биржа савдолари орқали сотилиши ҳисобланади. Айнан мана шу савдоларда харид қилиш учун ҳаммага тенг имконият берилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябридаги № ПҚ-3386 рақамли қарорига кўра, давлатимиз товар хом-ашё биржаси фаолияти янги босқичга кирди. 2018 йил 1 январдан бошлаб эса юқори ликвидли 27 турдаги маҳсулот, жумладан кўмир ҳам очиқ биржа савдолари орқали сотилиши йўлга қўйилди.
Қарорга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сонли Қарорига кўра биржадан харид қилинган кўмирнинг қайта сотилиши мумкин эмаслигига оид тартиб тўхтатилган. Шунингдек, 2018 йил 1 январдан бошлаб бундай маҳсулотларнинг энг юқори нархлари белгиланиши, сотилиш ҳажмлари ва дислокацияси бўйича чекловлар ҳам бекор қилинган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 январидаги № ПҚ-3479 рақамли қарорига мувофиқ, кўмир биржа савдоларидан ташқари тўғридан-тўғри шартномалар орқали бюджет ташкилотлари, аҳоли ва «Ўзбекэнерго» АЖга белгиланган нархда сотилиши мумкин.
- Маҳаллий кўмирнинг қанча миқдори «ЎзРТХБ» АЖ биржа савдолари орқали сотилади?
- 2018 йил бошидан буён «ЎзРТХБ» АЖ биржа савдолари орқали 85,9 минг тонна маҳаллий кўмир савдога қўйилди ва улардан 82,1 минг тоннаси реализация қилинди. Сотувчилар сифатида «Шарғункўмир» ва «Ўзбеккўмир» АЖлар бўлишди ва уларнинг биржанинг умумий кўмир савдоларидаги ҳиссаси 23 фоизни ташкил қилди.













