Жаҳон | 07:28 / 04.11.2018
118343
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда эркак дафнидан 2 ой ўтиб уйига қайтиб келди

Фото: Вконтакте /Айгали Супугалиев

Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида яшовчи эркак гўёки унга тегишли бўлган мурда дафн этилгандан 2 ой ўтиб уйига қайтиб келди.

Эркак уйидан 20 июнда чиқиб кетиб, қайтиб келмаган. У аввал ҳам баъзида огоҳлантиришсиз кетгани сабабли, яқинлари ҳуқуқ-тартибот идораларига июль ойидагина мурожаат қилишган.

Маълум вақтдан кейин эркакнинг оила аъзоларини ўликхонага чақиртириб, бир мурда кўрсатилган. Мурда чириб кетгани сабабли уни таниб бўлмаган, бироқ генетик экспертиза у 99,92 фоизга йўқолган эркакники эканлигини кўрсатган. Сентябрда эркак “дафн қилиниб”, оиласига ўлганлик ҳақидаги гувоҳнома берилган.

“Эркакнинг яқинлари у қидирувда бўлганда тўланган пенсияни давлатга қайтариб беришган”, деб айтилган хабарда. 

Бироқ октябрь охирида “марҳум” кутилмаганда уйига қайтиб келган. У ёзда бозорда бир киши билан танишгани, у киши уни вилоятдаги деҳқон хўжаликларидан бирида ишлашга кўндирганини маълум қилган. Эркак 4 ойдан кейин уйига қайтишга қарор қилган. 

Энди эркакнинг яқинлари генетик экспертизани ўтказган мутахассисларни судга беришмоқчи.

Мавзуга оид