00:09 / 07.11.2018
12981

«Монако» клуби хўжайини ҳибсга олинди

Фото: Сергей Гунеев / РИА Новости

Россиялик миллиардер ва “Монако” футбол клуби эгаси Дмитрий Риболовлев князлик прокуратураси талаби билан ҳибсга олинди. Бу ҳақда Le Monde нашри хабар берди. 

Риболовлев коррупцияда, “таъсирни сотиш” каби жиноятларда гумон қилинмоқда. Унинг Монте-Карлодаги уйида тинтув ўтказилган.

Нашр маълумотларига кўра, бизнесмен Чемпионлар лигасининг “Монако” ва “Брюгге” ўйини олдидан ҳибсга олинган.  

nrc.nl голланд нашри Football Leaks платформасидаги маълумотларга иқтибос келтирган ҳолда AIM  голланд компанияси раҳбари Бернард де Роос Риболовлев билан клубга fair play қоидаларини четлаган ҳолда пул сармоя қилишда ёрдам берувчи келишувни тузганини маълум қилган. 

Шартнома 2014 йилда тузилган. Де Роос “Монако”га 10 йил давомида 1,4 млрд евро келтиришга, яъни даромадни 10 марта кўпайтиришга ваъда берган. 

Риболовлев француз клубининг назорат пакетини 2011 йилда сотиб олган. 2,5 йил ичида у клубга 325 млн евро сармоя қилган. nrc.nl’нинг ёзишича, УЕФА олдин ҳам клубнинг молиялаштирилиши манбаларини шубҳали деб ҳисоблаган.

Бизнесмен Forbes нашрига кўра, россиялик миллиардерлар рўйхатида 18-ўринни эгалламоқда. Унинг бойлиги 6,8 млрд долларга баҳоланади. 

Top