Жаҳон | 11:48 / 07.11.2018
4878
2 дақиқада ўқилади

Трамп Конгрессга сайловларни ўз партияси учун жуда муваффақиятли ўтганини айтди

Фото: AP Photo/Evan Vucci

АҚШ президенти Дональд Трамп 6 ноябрда ўтган АҚШ Конгрессига оралиқ сайловларни Республикачилар партияси учун муваффақиятли ўтганини қайд қилди. Республикачи президент бу ҳақда твиттерда ёзган.

“Бугун улкан муваффақият. Барчангизга раҳмат!”, деб ёзган Трамп. Аввалроқ АҚШ телеканаллари сайловларнинг дастлабки натижаларига кўра, демократлар Конгресснинг вакиллар палатаси устидан назоратни олишгани, республикачилар эса сенатда кўпчиликни сақлаб қолишганини маълум қилган.

Сайлов бўйича барча маълумот Трамп учун ташкиллаштирилган “тезкор штаб”га келиб тушмоқда. Аввалроқ CNN телеканали Трамп республикачилар томонидан қуйи палатада кўпчилик қўлдан бой берилганига кўнгани ва бунинг учун жавобгарликни кимнинг зиммасига юклашни ўйлаётгани ҳақида хабар қилган.

6 ноябрда АҚШда оралиқ сайловлар бўлиб ўтди. Бу сайлов натижасида 100 сенатордан 35 нафари, вакиллар палатасининг барча 435 аъзоси, 39 та штат ва ҳудудлар губернаторлари, штатлар қонунчилик йиғинларининг 6073 аъзоси, судьялар ва мактаб округлари кенгашлари аъзолари қайта сайланган. Бу сайловлар президент сайловларидан 2 йил кейин ва навбатдагисидан 2 йил олдин ўтказилгани учун оралиқ сайловлар деб юритилади.

Мавзуга оид