Спорт | 14:47 / 08.11.2018
13103
3 дақиқада ўқилади

ФИФА президенти ЖЧ-2022 иштирокчилари сони оширилиши эҳтимолига баҳо берди

ФИФА президенти Жанни Инфантино ЖЧ-2022 иштирокчилари сони 48 тага оширилган тақдирда ҳам мусобақа давомийлиги 28 кундан ортиб кетмаслиги кераклигини маълум қилди.

«Биз турнир муддатини узайтира олмаймиз. Бу мақсадга мувофиқ эмас, оқибатда ўйинларни параллел равишда ўтказишга тўғри келиб қолади», - деган ФИФА раҳбарининг сўзларини чоп этди Associated Press.

ЖЧ-2022 иштирокчилари сони борасида якун қарор 2019 йил март ойида қабул қилинади. Аммо, Инфантинонинг айтишича, ушбу мундиал иштирокчилари сонининг оширилиши эҳтимоли жуда кам. Бунга сабаб сифатида, биринчидан, қишда ўтадиган мусобақанинг шундоқ ҳам умумий футбол тақвимига мос эмаслиги, иккинчидан, Қатардаги ҳозирги тайёргарлик миқёси 48 та жамоа иштирок этадиган турнирга мувофиқ бўлмаётгани кўрсатилмоқда.

«Минтақадаги ҳозирги вазият ҳеч кимга сир эмас, албатта, бу (иштирокчилар сонининг оширилиши) рўй берса, мен фақат хурсанд бўлган бўлардим. Бунинг эҳтимоли қанчалик юқори? Паст, анчагина паст. Шундай бўлса-да, уриниб кўриш, ўрганиб чиқиш ва муҳокама қилишнинг нимаси ёмон?

Агар жамоалар миқдорини оширишга эришсак, бу футболнинг умумий ривожи учун яхши иш бўлган бўларди» - деган Инфантино.

Мундиал жамоаларини 16 тага кўпайтириш натижасида ўйинлар сони 80 тага етади, бунча ўйинни 28 кун ичида ўтказиш эса ҳудудий жиҳатдан кичик мамлакат – Қатар учун қийинчилик туғдириши аниқ. Бу баъзи кунлари олтитадан ўйинлар бўлиб ўтишини тақозо этади. Ғоя амалга татбиқ этилиши учун мамлакат яқин қўшнилари билан келишган ҳолда мезбонликни бўлишиши керак бўлади. Аммо, айни пайтда, Қатарнинг Саудия Арабистони, Баҳрайн ва БАА билан сиёсий-иқтисодий муносабатларини аъло даражада деб бўлмайди.

Ҳозирча шуниси аниқки, ҳисоб бўйича 22-мундиалнинг давомийлиги, тақвимдаги тиғизлик боис, Россияда ўтган ЖЧ-2018га қараганда 4 кунга камроқ бўлади ва 21 ноябрда бошланиб, 18 декабрда якунига етади. Қатарликлар тўрт йилдан сўнг 5 та шаҳарда 32 та жамоани кутиб олишга тайёргарлик кўришмоқда, шу мақсадда 8 та стадион қурилишини бошлаб юборишган.

Маълумот учун, Канада, Мексика ва АҚШнинг мезбонлигида ўтадиган ЖЧ-2026 да иштирокчи жамоалар сонининг 48 та бўлиши расман тасдиқлаб бўлинган. 8 йилдан кейинги мундиал ўйинлари ушбу учта давлатнинг 16 та шаҳрида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид