2000 йил арафаси. Янги эрага илк қадамлар қўйилаётган пайт. Дунёда иқтисодиёти энг бақувват давлатларнинг ўнлигига янги ўйинчи – Хитой ҳам қўшилди. Ҳатто шу ҳолат ҳам буюк давлатлар томонидан Чин юртига жиддий қарашга асос бўлмади. Аммо кейинги 10-15 йилда ҳаммаси ўзгариб кетди. Хитой ўнлик аъзоларини бирин-кетин ортда қолдириб, иккинчи ўринга мустаҳкам ўрнашиб олди ва энди фақат АҚШдан ортда қолмоқда. Кўпчилик мутахассисларнинг фикрича, биринчилик ҳам кўп куттирмайди.

Хитой буюк тарихга эга. Эҳромлари билан машҳур Мисрнинг гуллаб яшнаган пайтида ҳам Хитой бор эди, Рим, турк империялари даврида ҳам, советлар иттифоқи қудратга кирганда ҳам Хитой бўлган. Аммо кўҳна тарих билан миллиарддан ортиқ аҳолини боқиб бўлмайди. Ўтган асрнинг ярмига келиб дунё иқтисодиёти тикланаётган пайтда Хитой аввал Япон империяси зулмидан эзилди, кейин тузумлар алмашиб, дўст кўринган иттифоқ билан ёвлашиб кўрди. Коммунизм қулоч ёзиши, сиёсатда катта ўзгаришларга қарамай иқтисод ўта ночор эди. Янги тузум «катта сакраш» сиёсатини олиб бораётган, осмондаги юлдузларни кўзлаётган 1959-1961 йилларнинг ўзида ҳосилдорлик 30 фоизга пасайди, очликдан ҳалок бўлганлар сони турли маълумотларга кўра 20-35 миллион кишидан ортди.

Фото: РИА Новости

Шунга қарамай мамлакат бошқарувида бўлган Мао Цзедуннинг ҳокимиятига путур етмади, аксинча у кейинчалик, ҳатто ҳозирги кунга келиб ҳам замонавий Хитойнинг асосчиси, ақлли доҳий сифатида улуғланишда давом этди. Бугунги кунда Хитой раҳбарияти Маонинг сиёсатини 70 фоиз тўғри, 30 фоиз ўша даврдаги вазиятдан келиб чиққан хатолар дея ҳисоблайди ва унинг шахсиятига нисбатан қоралашларнинг олдини олади.

Хуллас, Хитой узоқ йилларни фақат очликни енгишгагина сарфлади ва улкан аҳолисига қарамай ҳеч ким бу давлатни ўзига жиддий рақиб сифатида кўрмади. Аммо сўнгги 40 йилда барчаси ўзгариб кетди – умумиқтисодий кўрсаткичлар бўйича Хитой Буюк Британия, Франция, Германия ва иккинчиликнинг мутлақ эгаси сифатида қараладиган Японияни ҳам ортда қолдириб кетди. Нафақат давлат бойиди, балки 700 миллион одам қашшоқликдан қутқарилди. Хитой 1990-йиллардаги Осиёдаги инқироз, 2007 йилдаги жаҳон молиявий инқирозидан ҳам айтарли зарарларсиз чиқди ва деярли 20 йил давомида 7-12 фоизлик ўсишни қайд этиб борди. Ҳеч бир йирик давлат қисқа муддатда бундай кўрсаткичларга эриша олмаган.