Хоразмлик журналист, Қўшкўпир туманида истиқомат қилаётган ва «Хоразм ёшлари» газетаси муҳаррири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Давлатназар Рўзметов 29 октябрь куни ҳибсга олиниб, Қўшкўпир тумани маъмурий суди томонидан 7 суткалик қамоқ жазосига маҳкум қилинган эди.

5 ноябрь куни Рўзметов озодликка чиқди ва бўлиб ўтган воқеалар тўғрисида KUN.UZ мухбирига батафсил интервью берди.

«Аввало мени ва оиламни қўллаб-қувватлаб турган дўстларимга, ҳамкасбларимга ва умуман барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман. 29 октябрь куни Қўшкўпир тумани маъмурий суди ҳукмига асосан 7 суткага қамалдим. Муддат тугагач, Худога шукр, 5 ноябрь куни озод бўлдим» — деб сўзини бошлади Давлатназар Рўзметов.

«Бўлиб ўтган воқеа Қўшкўпир тумани ҳокими Жўрабек Раҳимов билан орамизда юзага келган зиддият натижаси деб ҳисоблайман.

У билан иш жараёнимда танишганман. Жўрабек Раҳимов Боғот тумани ҳокими бўлиб ишлаганида мен журналистик суриштирувини ўтказиб, аҳоли учун мўлжалланган кўмирнинг ноқонуний равишда сотилаётгани ҳақида «Қоғоз билан исиниб бўлмайди», деган мақола ёзган эдим. Мақола 2018 йил 31 январь куни «Хоразм ёшлари» газетасида чоп этилди.

Шундан сўнг, Боғот тумани ИИБ терговчиси газетамиз муҳаррири Эрпўлат Бахтга босим ўтказишга, уни хориждагилар билан алоқадорликда, у ердан моддий ёрдам олаётганликда айблашга уриниб кўрди. Бироқ, ҳеч нарса қилолмади.

Орадан бироз вақт ўтгач, Жўрабек Раҳимов Қўшкўпир туманига ҳоким қилиб тайинланди.

25 октябрь куни дўстим қизини узатаётгани туфайли, тўйга бордим. Даврада ўтириб, бир пиёла ароқ ичдим. Суҳбатлашиб ўтирганимизда, менга қўнғироқ бўлди. Қўшкўпир тумани ҳокимиятида ўқитувчи ва шифокорларни пахтага жалб қилиш масаласи кўрилаётганини эшитдим. Кейин тезда мажлисга етиб келдим. Мажлислар залининг эшиги олдида 3-4 нафар йигит турган экан.

Ичкарига кирмоқчи бўлганимда, орготдел бошлиғи Баҳодир деган йигит тўсқинлик қилишга уринди. Шунда ҳоким биз тортишиб турганимизни эшитиб: «Сиз нима қилиб юрибсиз?» деб сўради. Мен «Хоразм ёшлари» газетаси муҳаррири ўринбосариман, бу очиқ мажлисми ёки ёпиқми? Агар очиқ бўлса, кириб ўтирмоқчиман, ёпиқ бўлса чиқиб кетавераман», — дедим. «Очиқ мажлис, ўтиринг», — деди. Мен ўтирдим. Шунда ҳоким: «Қисқаси, бор гап шу, бошқа нарсаларни эртага сўзлашамиз, мажлис тамом», — деди ва чиқиб кетди. Орқасидан бориб, ҳоким олдига кирмоқчи эдим, рухсат беришмади.