Иқтисодиёт | 17:30 / 09.11.2018
9106
2 дақиқада ўқилади

Қўшимча қиймат солиғини келгусида пасайтиришни вақт кўрсатади – Марказий банк раиси

Солиқ сиёсатида энг муҳим нарса, бу солиқ солиш жараёнида барқарорликнинг мавжудлиги, яъни унинг ўзгармаслигини таъминлашдир. 20 фоизлик қўшимча қиймат солиғини пасайтириш масаласини эса, вақт кўрсатади. Ўзбекистон Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов “Жорий иқтисодий вазият ва 2019 йилги асосий иқтисодий вазифалар” мавзусида ташкил этилган кўрсатувда KUN.UZ мухбири саволига қўшимча қилар экан, шундай фикрларни билдирди. 

“Солиқ сиёсатида энг муҳим нарса, барқарорликдир. Яъни, тадбиркорга солиқнинг ўзгармаслиги муҳим. Солиқ тўловчи ҳеч қачон солиқни кам демайди, солиқ йиғувчи кўп демайди. Шу нуқтаи назардан 20 фоизлик қўшимча қиймат солиғи камайтириладими, деган саволга айтиш мумкинки, биз бу жараённи энди бошлаяпмиз. Унинг натижаларини кўрганимиз йўқ. Янги солиқ тўловчилар пайдо бўляпти. 

Эндиликда, солиқлар қонун билан белгиланади, ҳар йили давлат бюджети қабул қилинганида янги солиқ ставкаси қўшилмайди. Униси ёки бунисини ўзгартириш, кўтариш-тушириш бўлмайди. Тадбиркорлик учун муҳим жиҳатлари шу, менимча. Вақти келиб, иқтисодиётнинг ривожига қараб, 20 фоиз қўшимча қиймат солиғи ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин. Буни вақт кўрсатади. Лекин, ҳозирча, биз ислоҳотни бошламасдан туриб, қўшимча қиймат солиғини пасайтириш масаласида ўйлаш нотўғри бўлади”, - деди Мамаризо Нурмуратов.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид