Жаҳон | 07:25 / 09.11.2018
6232
2 дақиқада ўқилади

Трамп Эронга қарши 40 йил аввал киритилган санкциялар амал қилиш муддатини узайтирди

Фото: AP Photo / Alex Brandon

АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга қарши 40 йил аввал киритилган санкциялар амал қилиш муддатини навбатдаги марта узайтирди. Бу ҳақда Трампнинг конгрессга мактубида айтилган.

Трамп ўз қарорини Эрон билан муносабатлар ҳали нормаллашмагани, “1981 йил 19 январдаги икки томонлама келишувлар ҳамон бажарилиш босқичида эканлиги” билан изоҳлаган. Гап Эрон ва АҚШ ўртасидаги Жазоир келишувлари ҳақида бормоқда. 

Трамп 1979 йилда АҚШнинг Теҳрондаги элчихонаси эронлик талабалар томонидан босиб олингандан кейин президент Жимми Картер томонидан қабул қилинган фармоннинг амал қилиш муддатини узайтирди. 

Ўшанда Картер АҚШдан Эронга деярли барча турдаги товарлар, жумладан озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар экспортини тақиқлаб қўйган. Сўнгра Эрондан АҚШга товарлар импорти ва америкаликларнинг Эронга бориши тақиқланган. Кейинчалик АҚШнинг қолган президентлари санкцияларни фақатгина қатъийлаштириб боришган. 

Ушбу фармон АҚШ ҳукуматига Эронга қарши санкциялар киритиш ва бошқа чоралар қўллаш имконини беради. 

Мавзуга оид