Пайшанба куни Европа Лигасида навбатдаги тур бўлиб ўтган бўлса, эртасига миллий чемпионатлар ҳам ўйинларни давом эттиришди. Терма жамоалар билан боғлиқ бу йилдаги сўнгги танаффус олдидан бўлиб ўтаётган бу ҳафта ўйинларида ҳам бир қатор эътиборга молик учрашувлар йиғилиб қолган. Манчестерда дерби, Дортмундда йилнинг марказий ўйинларидан бири, Вигода эса, «Реал» мураббийи тақдирини ҳал қиладиган учрашув... Келинг, бир бошдан.

БОРУССИЯ ДОРТМУНД – БАВАРИЯ (10 ноябрь, 22:30)

Фото: EPA/LUKAS BARTH

Дортмундликлар Чемпионлар Лигасида «Атлетико»га ютқазиб, мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди, аммо Бундеслигада ҳаммаси яхши, жамоа ўн турдан буён мағлубиятга учрамай, «Бавария»ни 4 очкога ортда қолдирмоқда. Демак сўнгги йилларда илк бор дортмундликлар ўйинни фаворит сифатида бошлайди.

Гап фақат турнир жадвалида эмас, «Бавария» ҳозирда ўйин борасида ҳам етарлича муаммоларга дуч келмоқда. Ўтган ҳафталарда жамоа яна ғалаба қозонишни бошлаб, ҳаммаси ортда қолгандек бўлганди, аммо сўнгги турда «Фрайбург» билан Мюнхендаги дуранг яна эски гапларни қўзғаб юборди. Ковач ва жамоа етакчилари ўртасида зиддият борлиги, раҳбарият ёш мураббийга сўнгги имкониятни бераётганликлари ҳақидаги хабарлар яна пайдо бўла бошлади. Аксига олиб, клуб раҳбарлари ёки футболчилар томонидан Ковачни тўлиқ қўллаб-қувватлашлари ҳақидаги баёнотларнинг йўқлиги вазиятнинг қалтис эканидан далолат қилади. Демак бу ўйиндаги мағлубият балки Нико Ковачнинг истеъфоси билан ҳам якунига етиши мумкин.

Таркибларга келсак, Арьен Роббен ўйинга тайёр бўлишга улгурмади ва бугун унинг майдонга тушмаслиги аниқ. Шунингдек, Тиаго Алкантара ҳам бир неча ҳафтага сафдан чиққан. Коман ва Толиссонинг жароҳатлари эса, янада жиддийроқ, уларни унутиб ҳам юбордик. Мезбонлар сафида эса, фақат Шмельцер сафда эмас. Айниқса, сўнгги ўйинларда бутун Европа томонидан муҳокама қилинаётган Санчонинг ўйинини кўриш қизиқарли бўлса керак. 

Юрген Клопп даврида дортмундликлар «Бавария» билан ҳар жабҳада рақобат қилишган бўлсалар-да, охирги йилларда мюнхенликларнинг яққол устунлиги сезилиб қолди. Ўзаро ўйинларда ҳам, сўнгги беш ўйиндан тўрттасида «Бавария» устун келган. Айниқса, шу йилнинг март ойида Мюнхенда бўлган учрашув «Боруссия»га жуда оғир ботгани шубҳасиз. Левандовски собиқ жамоаси дарвозасига ҳет-трик қайд этган ушбу ўйинда мезбонлар 6:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. 

МАНЧЕСТЕР СИТИ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (11 ноябрь, 21:30)