Халқ депутатлари Денов тумани Кенгашининг бугун ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида туманнинг янги ҳокими тасдиқланди.

Эндиликда Бахтиёр Кенжаевич Ибатов Денов туманига раҳбарлик қилади.

Бахтиёр Ибатов / Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Бахтиёр Ибатов янги лавозимга Денов туманини 2017 йилнинг октябрь ойидан буён бошқариб келаётган Қосимов Улуғбек Бердиқобиловичнинг ўрнини эгаллади. Улуғбек Қосимов 8 ноябрь куни Сурхондарё вилояти прокурори лавозимида иш бошлаганди.

Улуғбек Қосимов / Фото: KUN.UZ

Бахтиёр Ибатов 2016 йил декабридан буён Ангор туманини бошқариб келаётган эди. У бундан аввал Қизириқ тумани ҳокими, шунингдек, прокуратура тизимида турли лавозимларда фаолият кўрсатган.

Бундан аввалроқ Ангор туманига шу вақтгача вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Усмон Янгибаевич Турапов ҳоким вазифасини бажарувчи бўлганди.

Халқ депутатлари Денов тумани Кенгашининг навбатдан ташқари 48-сессиясида Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўрибосари Т.Боболов иштирок этган ва сўзга чиққан.