Россия Премьер-Лигасининг 14-турида Қозоннинг «Рубин» клуби Москванинг «Локомотив» клубини қабул қилди. «Казань Арена» стадионида кечган учрашувда ҳисоб очилмай қолди - 0:0.
Бу ўйиндан кейин, «темирйўлчилар» жамоасининг Россия чемпионатидаги 5 учрашув давом этган ғалабали серияси тўхтатилди. Аввалги 5 турда «Локомотив» «Ахмат» (2:0), ЦСКА (1:0), «Ростов» (2:1), «Енисей» (3:0) ва Туланинг «Арсенал» (3:1) клубларини мағлубиятга учратганди.
Эндиликда «Локомотив» (25 очко) Россия Премьер-Лигаси турнир жадвалида учинчи ўринга тушиб қолган, «Рубин» 20 очко билан – олтинчи ўринда бормоқда.
Кейинги турда «Локомотив» ўз майдонида «Урал»ни қабул қилади, «Рубин» сафарда «Анжи» билан ўйнайди. Бу ўйинлар 23 ва 24 ноябрь кунларига белгиланган.
Бу тур доирасидаги яна бир учрашув «Краснодар» ва «Енисей» ўртасида кечди. Краснодарликлар бу учрашувни йирик ҳисобда ўз фойдасига ҳал қилди - 3:0.
Ғолиблар сафида голларга Юрий Газинский, Виктор Классон ва Шарль Каборе муаллифлик қилишди. Шу тариқа, «Енисей» РПЛдаги ғалабасиз сериясини 9 ўйинга етказди (икки дуранг, етти мағлубият).
«Краснодар» очколари сонини 26тага етказган ҳолда Россия Преьмер-Лигаси турнир жадвалида иккинчи ўринга чиқиб олган, «Енисей» 6 очко билан – 16-ўринда бормоқда.
Кейинги турни «Енисей» 24 ноябрь куни сафарда Москванинг «Динамо» клубига қарши ўтказади, «Краснодар» 25 ноябрь куни Туланинг «Арсенал» клубини қабул қилади.
Ушбу тур доирасидаги марказий учрашувда Москванинг ЦСКА клуби ўз майдонида Петербургнинг «Зенит» клубини қабул қилди. Москвадаги «ВЭБ Арена» стадионида кечган учрашув майдон эгаларининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Ғолиблар сафида россиялик ҳужумчи Фёдор Чалов ва исландиялик яримҳимоячи Арнор Сигурдссон голларга муаллифлик қилишди, улар ғалабани таъминлаган голларни 15- ва 26-дақиқаларда уришди.
Мағлуб бўлганига қарамасдан «Зенит» Россия Премьер-Лигасидаги пешқадамлигини давом эттирмоқда, питерликлар ҳисобида 31 очко мавжуд. ЦСКА 23 очкоси билан бешинчи ўринда жойлашган.
Кейинги турда ЦСКА Грознийда «Ахмат» клуби меҳмони бўлади, «Зенит» эса «Ростов»ни қабул қилади. Ўйинлар 23 ва 25 ноябрь кунларига белгиланган.
Россия чемпионати
14-тур
Рубин – Локомотив 0:0

















