7 ноябрь куни Тожикистон шимолидаги Хўжанд шаҳрида жойлашган 3-сонли қатъий тартибдаги ахлоқ-тузатиш колониясида кўтарилган исён оқибатида ҳалок бўлганлар сони 47 нафарни ташкил этди, 121 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда «Ахбор» сайти тергов органларидаги манбасига асосланган ҳолда хабар тарқатган.

Охирги хабарларда қурбонлар сони 27 киши бўлгани, шундан 2 киши ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари бўлгани, яна 100дан ортиқ киши жароҳатлангани айтилганди.

Шифокорларнинг айтишича, ўқотар қуролдан олинган жароҳатлар билан шифохоналарга келтирилган маҳбусларнинг ҳам бир қисми жон берган. 

Сўғд вилояти ҳуқуқ-тартибот органларидаги манба маълумотига кўра, маҳбуслар билан ўта шафқатсиз муомалада бўладиган нозир Файзулло Сафаров бошқарадиган бу қамоқхонадаги исёнга нозирларнинг ҳаддан ошиши сабаб бўлган.

Маълум қилинишича, 7 ноябрь куни навбатчи майор маҳбуслардан бирини ялонғоч қилиб ечинтириб, уни колония ташқарисида бир неча соат давомида ёмғир остида туришга мажбур қилган. Бу маҳбуснинг таҳқирланиши маҳбусларнинг бир отряди исён кўтаришига олиб келган. Пичоқлар, болталар, тошлар ва бошқа металл буюмлар билан қуролланган маҳбуслар нозирларга ҳужум қилишган.

Икки нафар навбатчидан қаттиқ қасос олинган: «Маҳбуслар нозирларнинг бармоқларини чопиб ташлашган. Шундан сўнг, исёнга бошқа маҳбуслар отрядлари қўшилган ва колония ҳудудининг бир қисми маҳбуслар назоратига ўтган. Бу тахминан 7 ноябрь куни соат 22:30даги вазият. Кейин вилоят бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинган, соат 23:00да ҳудудга «Альфа» гуруҳи ва ОМОН кириб келган. Улар исённи шафқатсизларча бостиришган», дейилади хабарда.

Исён ва уни бостириш вақтида 2 нафар нозир ўлдирилган, колониянинг 7 хизматчиси ўқотар қуролдан жароҳатланган. 

«Маҳбуслар жуда кўп йўқотишларга учради. Исёнга алоқадор бўлмаган маҳбуслар ҳам ўққа учради», деган манба.

«Ахбор» нашри исён қамоқхонадаги ИШИД ва «Ҳизб-ут-Таҳрир» аъзолари томонидан уюштирилгани ҳақидаги маълумотларни рад этган. Манбанинг сўзларига кўра, қамоқхонада экстремизм ва терроризмда айбланиб қамалганлар бўлган, аммо уларнинг сони кўп бўлмаган.

«Бу ерда асосан қотиллик, гиёҳвандлик ва вояга етмаганларни зўрлаш жиноятларида айбланиб қамалган маҳбуслар сақланарди. Улар орасида экстремизмда айбланганлар ҳам бўлиши мумкин, аммо уларнинг сони жуда кам эди», деган манба.