KUN.UZ таҳририятига келиб тушган мурожаатни ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳри, Сергели туманида жойлашган «Меҳрибонлик» ногиронлар жамияти бўлинмаси томон йўл олдик.

Мурожаат мазмуни бўйича ушбу ҳудудда жойлашган ногиронлар жамиятининг биноси хароб ҳолатда, таъмирлаш учун маблағ мавжуд эмас. Ногиронлар жамиятдаги меҳрга ташна қатлам экани боис, ишни ўрганишга бел боғладик.

Жамият раҳбари Гюлтакин Мамедова билан суҳбатда вазиятни янада ойдинлашди.

«Бошида бинони олган вақтимизда аянчли ҳолатда эди. Жорий йилнинг август ойида қурилишни бошладик. Бошида ўзимизнинг қурбимиз билан қила олсак керак, ўз ҳисоб-рақамимиз бор, эплаб кетармиз, деб ўйлагандик. Лекин бу ишларга яхшигина маблағ кетар экан. Шундан сўнг жиддийроқ ташкилотлардан ёрдам сўрадик. “Ўзбекэнерго” АЖ раҳмат деймиз, биномизни электр таъминоти масаласи, девор, хона шифтларини таъмирлаш ишларига кўмак беришди. Аммо ҳали олдинда қилинадиган ишлар жуда кўп. Ҳокимиятга мурожаат қилдик. Имконимиз йўқ, дейишди. Нима ҳам қилардик», — дейди жамият раҳбари.

Гюлтакин Мамедова

Маълум бўлишича, 2015 йил жамиятнинг аввалги жойи дастур асосида бузилишга тушган. Шундан сўнг, кемтик қалблар дийдорлашиш учун қадрли масканидан айрилади. 2017 йил 13 ноябрь кунги ҳоким қарори асосида жамиятга ер ажратилади.

«Бинода катта (тадбирлар учун) ва кичик зал, битта кабинет ташкил этмоқчи эдик. Бу ерда имконияти чекланган жамият аъзолари тўпланамиз, суҳбатлашамиз, курслар ташкил этамиз. Мисол тариқасида, компьютер курслари, тўқиш курслари бўлиши мумкин. Лекин ҳозирча ҳолатимиз унчалик эмас. Баъзида ҳомийлар совға-саломлар билан келишади. Аъзолар билан кўриштириб, ўтириб бирга суҳбат қуришга ҳам шароит яратиб беролмаймиз. Совғаларни топширишади-ю кетишади.

— Тўрт девор ичида яшаш азоб. Бир-биримиз билан кўришиб, кўнглимизни кўтарардик. Бу руҳимизга қувват бўларди, — дейди 1-гуруҳ ногирони бўлган жамоат фаоли.