Ўзбекистон футбол ассоциацияси мамлакат олимпия терма жамоаси бош мураббийи бўлишга номзодлар билан музокараларни давом эттирмоқда.
Ташкилот биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг Tribuna.uz`га маълум қилишича, ушбу лавозим учун фақат хорижлик мураббийлар варианти кўриб чиқилмоқда. Хусусан, хорватиялик Ненад Грачан, испаниялик Хуан Санчес Македа, италиялик Массимо Фиччаденти ва сербиялик Любинко Друлович номзодлар шорт-листидан ўрин олган.
Айни пайтда музокаралар якуний босқичга кирган бўлиб, рўйхатдагилар орасидан хорватиялик 56 ёшли мутахассис Ненад Грачан фаворит номзод бўлиб турибди. Бунда унинг бошқа даъвогарларга қараганда ёшлар билан ишлаш борасида кўпроқ тажрибага эгалиги муҳим роль ўйнамоқда. Жумладан, у 2013 йилдан буён Хорватия U-21 терма жамоаси бош мураббийи сифатида ишлаб келяпти.

Грачан футболчи сифатида Хорватия ва Испания клубларида 300га яқин ўйинларда майдонга тушган. 1984 йилда Югославия олимпия терма жамоаси билан Лос-Анжелес Олимпиадасида бронза медалга эга чиққан. Мураббийлик фаолиятини 1995 йилда бошлаб, Хорватия ва Словения клубларини бошқарган, 2013 йил октябридан ҳозирга қадар Хорватия ёшлар терма жамоасига устозлик қилиб келмоқда. Унинг мураббийлигида хорватлар 15 йил ичида илк марта 21 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Европа чемпионати финал босқичига йўл олишди, бу йўлда 10та ўйиннинг 8тасида ғалаба қозониб, 6 жамоа ичидан биринчи ўринни эгаллашди. Жамоа бунга қадар 7 марта Евро-U-21 саралашидан ўта олмаганди. Хорватия иштирокидаги навбатдаги чемпионат 2019 йил ёзида Италияда бўлиб ўтади.

Фото: Marca












