Бугунга келиб инновацион сервисларни ривожлантириб, бозорга чиқаётган IT-гигантлар 1 триллион долларлик капитализацияга эришиш имконига эга. Маълумотлар йўқолиши билан боғлиқ можароларга аралашган эмитентлар эса ортда қолмоқда. Forbes журнали шу ҳақидаги қизиқ мақоласи билан бўлишди.

2018 йилнинг августида Apple 1 триллион доллар капитализацияга эришган биринчи оммавий компания сифатида эътироф этилди. Унинг энг яқин рақиби, Amazon онлайн-гипермаркети эса ўша вақт бу кўрсаткичга эришишига 1 фоиз қолганди, бироқ учинчи чорак ҳисоботидан кейин ўртадаги фарқ ошди. Юқори технологиялар секторидаги қолган гигант компаниялар — Microsoft, Alphabet (Google эгаси), Facebook ва Alibaba эса бу кўрсаткичдан янада узоқда. Номи қайд этилган ҳар бир компания капитализация чўққисига эришишда ўзига хос йўлни босиб ўтган. IT-корпорациялар қандай қилиб ўз триллионига эришмоқда?

Олтин «олма»

Ҳозир Apple капитализацияси 1 триллион доллардан пастлади, аммо бу вақтинча. Ҳойнаҳой тез орада қоғозлар котировкаси бир акция учун 115-120 доллар диапазонига қайтади. Бу ишонч нима билан асосланади? Котировкалар ўсиши учун асосий драйвер сифатида бизнес сегменти - компаниялар ва уларнинг маҳсулотлари хизмат қилади. Apple’да булар учта — iPhone, қурилмалар учун сервислар ва Apple Watch. iPhone бозори ўз иқтисодий циклининг авжида. Охирги бир неча йилда янги смартфонлар сотувлари пасайди, лекин компания ўз мобил қурилмалари нархини ошириш ҳисобига салбий таъсирларни қоплашнинг уддасидан чиқди.

Apple сервислари — янги йўналиш, у компанияларга сотилган гаджетлардан пул ишлаш имконини беради. iCloud, Apple Music, Apple Pay, AppStore кабилар шулар жумласидандир. Мижозлар Apple техникасидан қанчалик кўп фойдаланса, улар шунча кўп маълумот тўплайди. Шу тариқа, iCloud булут тизими секин-аста тўлгани сайин фойдаланувчилар уни кенгайтириш учун яна ойлик обунани харид қилишига тўғри келади.

Apple Music мусиқий платформаси Spotify учун жиддий рақибга айланди ва тез орада у пулли фойдаланувчилар сони бўйича Spotify’ни ортда қолдиради. Spotify капитализациясидан келиб чиқиб, Apple Music’ни ҳозир 35 миллиард долларга баҳолаш мумкин.

Apple Pay — тобора кўпроқ транзакциялар смартфонлар орқали ўтказилаётган нақдсиз иқтисодиётга ўтиш шароитларида компаниялар даромади ўсиши учун энг кучли драйверлардан бири. Forbes баҳоларига кўра, терминаллар орқали тўловларни амалга ошириш Apple’га тахминан ҳар бир операциядан 0,03-0,05 фоиз келтиради, интернет орқали харидлар эса 0,15 фоизли даромад билан таъминлайди. Сервислар асосан шу сегмент туфайли 2025 йилга бориб нафақат компания даромадининг асосий манбаи бўлиб хизмат қилади, балки унинг маргиналлигини ҳам 25-30 фоизга оширади.