Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Янгиараб қишлоғида жойлашган 23-мактабгача таълим муассасасида болалар совуқ хоналарда қалин кийимларини ечмай ухлашмоқда.
Turon24 мухбирлари ушбу боғчадаги ҳолатни ўрганишган.

«Боғчамиз 120 ўринли. Ўтган йили хоналар алоҳида темир печкаларда, ўтин ва кўмирда иситиларди. Туманда республика ишчи гуруҳи фаолият олиб борганида боғчамизнинг иситиш тизимини ҳам таъмирлашга киритишди. Мана бир неча кун бўлди, 4 та иситиш қозони қурилди. Улар 6 та хонани иситяпти. Аммо ҳали таъмирлаш ишлари ниҳоясига етмади. Қозонхонанинг томини ёпишимиз керак», – деган боғча мудирининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Саида Қўшоқова.
Мактабгача таълим муассасаси ҳамшираси Моҳира Султонова хоналардаги ҳарорат 25 даражадан юқори бўлиши кераклигини айтган. Лекин унинг назоратидаги хонада термометр йўқлиги учун ҳароратни ўлчашнинг имкони бўлмаган. Тарбиячи Фарида Жўраева раҳбарлик қилаётган 2-катта гуруҳ хонасига эса ишламайдиган термометр қўйилган.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, хоналар иссиқ, болалар совқотмайди.
Аммо хоналар етарли даражада иситилмагани учун ҳам тарбияланувчилар қалин уст-бошда ухлашмоқда.




Саида Қўшоқова куз-қиш мавсуми учун 20,5 тонна брикет ва 10 тонна кўмир олиб келингани ҳақида айтган.
Аммо кўмирнинг сифати ҳақида бирор нима деёлмаслигини билдирган.




















