«Kun.uz» таҳририятига Бухоро вилояти Вобкент туман тиббиёт бирлашмасидан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатчи кейинчалик муаммо келиб чиқмаслиги учун ўз шахсини ошкор этмасликни сўради (унинг исми ва фамилияси таҳририятга маълум).

Мурожаатчига кўра, тиббиёт бирлашмасида ишлаётган барча тиббиёт ходимлари, ҳаттоки фаррошлар ҳам ноябрь ойи учун маошидан роппа-роса 28 фоиз миқдоридаги пул обуна учун ушланиб қолиниши тўғрисида огоҳлантирилган (Бунинг исботи сифатида маошидан ушлаб қолинадиган ходимлар рўйхати ҳам ташлаб берилди).

«Бизга 2019 йил учун обуна каталоги тақдим этилса, ўзимиз хоҳлаган нашрга обуна бўлишни албатта истаймиз. Лекин ўтган йили ҳам мана шу тарзда пул йиғиб олинган ва кимга қандай нашр келаётганини билолмай, оқибатда бирорта нашрни ўқимаганмиз. Бу йил ҳам шу найранг такрорланмоқда», дейди мурожаатчи.

Албатта, тиббиёт ходимларини матбуот нашрларига обуна бўлишга тарғиб қилиш керак. Уларнинг ўз касби нуқтаи назаридан ўқиши шарт бўлган, соҳадаги янгилик ва хабарларни кузатиб борадиган махсус нашрлари бор.

Лекин, республикамизда кўрсатиладиган хизмат ёки харид қилинган товар учун дарҳол чек ёки квитанция тақдим этилиши шарт. Обуна билан боғлиқ ҳолатда бу — обуна бўлгани ҳақида квитанция ҳисобланади.

Ҳеч қандай квитанциясиз, тиббиёт ходимларининг инон-ихтиёрисиз, ойлигидан кўр-кўрона маълум бир фоиз ушланиб қолиниши — обунага ёппасига мажбурлашдир ва бу ноқонуний хатти-ҳаракат ҳисобланади.

Чунки, бизга мурожаат қилган ходимнинг айтишича, ҳеч қандай квитанция ҳам тақдим этилмаган, уларга айнан қайси нашрга обуна бўлиши ҳақида ҳам маълумот берилмаган.

Бу борада олдин ҳам сайтда қатор чиқишлар қилинганди. Тиббиёт ва таълим муассасаларида бу тарзда обунага пул йиғилиши коррупцияга йўл очишига шубҳа йўқ. Чунки йиғилган пулни назорат қилишнинг амалда мутлақо имкони йўқ.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган, унда ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш масалалари муҳокама қилинган эди