17:01 / 17.11.2018
4600

Алонсо «Формула-1»дан кетиши сабабларини ошкор қилди

Фото: EPA

Икки карра жаҳон чемпиони Фернандо Алонсо «Формула-1»дан кетиши сабаблари ҳақида гапириб берди.

«Макларен» пойгачисининг тан олишича, «Формула-1» «заиф томошага» айланган.

«Ҳозирда биз кўриб турган «Формула-1» менда пойгачи бўлиш истагини уйғотган нарса эмас. Мен бизда заиф томоша пайдо бўлгани сабабли кетмоқдаман. Биз кўпроқ трассадан ташқарида рўй бераётган ҳолатлар ҳақида гапирмоқдамиз. Музокаралар ва радиоэфирлар ҳақида. Ҳозирнинг ўзидаёқ сизга кейинги пойгада финишга етиб келадиган биринчи 15та машинани айтиб беришим мумкин.

Мен чемпионат қандай қилиб олдиндан айтиш осон бўлган нарсага айланганини қабул қила олмаяпман. Ўйлашимча, бошқа серияларда кўпроқ завқ оламан», - дея Алонсонинг сўзларини келтиради Planet F1.

Айни вақтда 37 ёшда бўлган испаниялик спортчи «Формула-1»да 17 йил ўтказди. У бу давр мобайнида 302 пойгада қатнашиб, 32 пойгада ғолиб бўлди, икки марта жаҳон чемпионига айланди (Renault жамоаси таркибида 2005 ва 2006 йилларда), уч марта иккинчи бўлди (Ferrari жамоаси билан 2010, 2012 ва 2013 йилларда) ва бир марта учинчи ўринни эгаллади (McLaren жамоаси сафида 2007 йилда).

Top