Қорақалпоғистон Республикасида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қатор тадбирлар бўлиб ўтди. Шулардан асосийси, Тахиатош шаҳрида Хотин-қизлар қўмитаси томонидан 11 нафар аёлга уй калитлари топширилиши маросими бўлди. KUN.UZ мухбири Қўмита матбуот хизмати берган маълумотга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Таъкидлаш жоизки, 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида Қорақалпоғистон Республикасида 303 нафар аёл уйли бўлди. Шундан Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди томонидан ногиронлиги бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 128 нафар аёлга 5 млрд 22 млн сўм миқдорида уй олиш учун дастлабки бадал пули тўлаб берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасининг турли ҳудудларида 87 та цех ташкил қилинди, 446 нафар аёл иш билан таъминланди. Куни кеча ана шундай цехлардан 2 таси Амударё ва Беруний туманларида иш бошлади.


Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси аёллар бандлигини таъминлаш ва улар орасида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ўз ишини давом эттиради.
Йил бошидан буён Қорақалпоғистон Республикасида 20 мингга яқин ишсиз аёл аниқланган эди, бугунга келиб улардан 18 184 нафар аёл иш билан таъминланди.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистоннинг қатор туманларида Қўмита томонидан аёллар учун маънавий-маданий тадбир ташкил қилиниб, унинг доирасида кам таъминланган, эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган аёлларга маиший техника воситалари - музлатгич, кир ювиш машинаси, газ плитаси, газ печи, тикув машиналари топширилди.
















