Жаҳон | 16:10 / 17.11.2018
29243
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Россия ҳаракатлари Исроилнинг Суриядаги режаларига халақит бера бошлади

Фото: Kobi Gideon / GPO

Сурия ва Ливандаги Россия манфаатлари Исроилнинг ҳарбий имкониятларини чекламоқда. Бу ҳақда Haaretz ёзяпти.

Нашрнинг таъкидлашича, Сурия ва Ливанда Исроилнинг асосий мақсади Эрон томонидан «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига қурол етказиб беришни тўхтатиш эди. Бироқ, сўнгги бир йилда мамлакат Сурияда Эронга алоқадор кучларнинг мустаҳкамланишига йўл қўймасликка уринмоқда. Бу вазифани минтақада президент Башар Асад режимининг кучайиши, шунингдек, Россия Федерацияси ҳаракатлари қийинлаштирмоқда.

Муаллифнинг фикрича, Россия «Исроилга олдин амалда бўлган ишлар ҳолати энди бошқача эканини аниқ кўрсатиб қўйди». Бу масала бўйича давлатлар ўртасидаги баъзи кескинликлар Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяхунинг Парижда Россия президенти Владимир Путин билан учрашувидан кейин ҳам сақланиб қолмоқда.

Аввалроқ, Исроил Мудофаа армияси вакили Жонатан Конрикус Россиянинг Ил-20 самолёти уриб туширилиши билан боғлиқ вазиятдан хулоса чиқариш кераклигини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, Тель-Авив россиялик ҳарбийлар билан ўзаро муносабатлар фонида вазиятни кескинлаштирмаслик учун чоралар кўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид