«Ўн олтинчидан газ нархи ошаркан», деганди «Дамас» «шопир»ларидан бири. Билсак, тайёр туринглар, яқинда йўлкира ҳам кўтарилади, деган огоҳлантириш экан бу. Худди шундай ҳам бўлди. Ҳеч қаерда - на телевизорда, на радио ва газетада бу ҳақда эълон қилинди. Аммо таксичилар, гўё ҳаммаси бир овоздан келишиб олгандай, йўлкирани оширди-қўйди. Табиийки, ушбу ҳолат бугун кўпчиликда ҳақли эътироз уйғотмоқда. Чунки кира қилувчи ҳайдовчидан сабабини сўрасангиз, ўша-ўша эски баҳонасини такрорлайди: ёқилғи қимматлашди.

Қонуний асос борми?

Аввал ҳам кўп бора таъкидлаганмиз, йўлкирани ҳайдовчи ҳам, ташув хизмати кўрсатувчи уюшма ҳам, соҳага масъул Автомобиль транспорти агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ҳам белгиламайди. Мавжуд қонунчиликка кўра, автомобилда йўловчи ташиш тарифлари маҳаллий давлат ҳокимияти томонидан тасдиқланади. Янги тарифларни ишлаб чиқишда барчаси ҳисобга олинади, албатта. Даставвал харажатлар қўшилиб, калкуляция қилинади. Қандай йўл тутилмасин, сих ҳам, кабоб ҳам куймаслиги - ташувчи фойда кўриши, йўловчига ҳам бу оғир ботмаслиги керак. Хуллас, шу тариқа мақбул нархлар тасдиқланади.

Мана бир мисол. Шу йилнинг 21 майида «Қарши шаҳрида йўловчи ташиш транспортида йўловчилар ташиш тарифларини белгилаш тўғрисида» вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинганди. Унга кўра, воҳа марказида йўлкиранинг чекланган миқдори йўналишли такси учун 1500 сўм, автобуслар учун 1000 сўм қилиб ўзгартирилди. ОАВ орқали аҳоли бу янгиликдан хабардор қилинди. Ҳар жиҳатдан қонуний иш кўрилди. Шундай экан, ҳеч бир эътирозга ўрин йўқ.

Янги нархларга барча кўникиб улгурган бир пайтда Қарши шаҳридаги аксарият йўналиш «маршрутка»чилари ўзбошимчалик билан йўл ҳақини 2000 сўмга кўтариб олгани ошиб тушди. Гапимиз қуруқ бўлмасин. Ижтимоий тармоқда ўтказилган сўровномада қатнашганларнинг билдиришича, вилоят марказидаги 3-, 6-, 12-, 16-, 33 ва 37-йўналишлар «Дамас» ҳайдовчилари шу нархда йўловчи ташимоқда. Бундан ташқари, шаҳар атрофида қатновни амалга ошириши мўлжалланган Бешкент-Қарши, Шаҳрисабз-Яккабоғ, Чўлиота-Қарши, Шаҳрисабз-Мираки йўналишларида ҳам йўлкира ўзбошимчалик билан оширилган. Буни Шаҳрисабз шаҳри ичида қатновчи «дамасчилар» мисолида ҳам кўриш мумкин. 1000 сўмлик масофа 1500 сўмлик масофага айланган. Бу эса, ўз-ўзидан аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Хўш, киракашларнинг бу хатти-ҳаракати ҳуқуқий асосга эгами?»

«Ташув хизмати нархларига бу яқин орада ўзгартириш киритилгани йўқ. Тарифлар аввалги ҳолича қолган. Масалан, шаҳар атрофида йўловчи ташиш учун нарх 1 километрга 80 сўмлигича турибди. Тўғри, бу тариф бугунги талабга мос эмас. Ахир асосий ёнилғи воситалари – бензин ва газ қимматлашди. Аммо янгиси ҳали белгиланмади. Шундай экан, йўлкирани ўзбошимчалик билан оширишни ҳуқуқбузарлик сифатида баҳолаш мумкин», – дейди Автомобиль транспорти агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шерзод Норбобоев.