Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги «С.Б.» фермер хўжалиги раҳбари С.Б. 6 ноябрь куни ўз жонига қасд қилган.
Ўтган ҳафталарда ижтимоий тармоқларда жиззахлик 33 ёшли фермер банкдан катта миқдорда қарздор бўлиб қолгани ва белгиланган муддатда қарзни қайтара олмагач, ўз дўконида ўзини осиб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Хабарларда бунга МИБ томонидан фермернинг мол-мулки мусодара қилингани сабаб қилиб кўрсатилганди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси «Kun.uz»га ушбу ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Фермер 6 ноябрь куни соат 11:00 атрофида ўз хонадонига қўшимча қурилган омборхонада ўзини осган. Унинг жасади 8 ноябрь куни топилган.
Суд-тиббий эспертизанинг 19 ноябрдаги хулосасига кўра, унинг ўлимига «бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан қисилиши натижасида механик асфикция» сабаб қилиб кўрсатилган.
Бош прокуратура ахборотида маълум қилинишича, фермер 2017 йил ҳосилдорлиги учун «Агробанк» туман филиалидан 104,6 миллион сўм имтиёзли кредит олган ва бу кредит бўйича 58,1 миллион сўм қарздорлиги бўлган.
Дўстлик туманлараро иқтисодий судининг 2017 йилнинг декабридаги ҳал қилув қарорига кўра, фермерлик ҳисобидан банк фойдасига 58,1 миллион сўмни ундириш белгиланган.
2018 йилнинг январь ва февраль ойларида Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан ушбу қарздорликни тўлаш бўйича дастлабки огоҳлантиришлар берилган, қарзни тўлаш учун 5 кунлик муҳлат берилган, бироқ қарздорлик ёпилмаган.
МИБ вилоят бошқармаси бошлиғининг 2018 йилнинг 20 октябрдаги буйруғига асосан 27 октябрь куни бюронинг Жиззах шаҳар бўлими давлат ижрочилари Ш.М. ва О.К. Баратовнинг уйига холислар Д.Я. ва Д.Н. билан бирга борган ва қарздорнинг уйидан онаси Г.Б. иштирокида ўлчами 3х4 метр бўлган бир дона гиламни далолатномага асосан расмийлаштириб, олиб кетган (бироқ бу гилам банкдан қарздор фермер хўжалиги балансида бўлмагани аниқланиб, 8 ноябрь куни, С.Б.нинг жасади топилган куни қайтариб берилган).
Бундан ташқари, С.Б. 2018 йил ҳосилдорлиги учун «Агробанк» туман филиалидан 271,6 миллион сўм кредит олган ва бу кредит бўйича 220,1 миллион сўм қарздор бўлган.
Ушбу қарздорлик юзасидан суд 24 октябрь куни фермерлик ҳисобидан «Агробанк» туман филиали фойдасига 220,1 миллион сўмни ундириш бўйича қарор чиқарган.

















