Жаҳон | 11:44 / 24.11.2018
29496
2 дақиқада ўқилади

Донецк яқинида уриб туширилган «Боинг»даги 55 кишининг қариндошлари Россияни судга беришди

Фото: Виктор ГУСЕЙНОВ

Донецк яқинида қулаган Малайзиянинг «Боинг» самолёти бортида бўлган 55 кишининг қариндошлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига (ИҲЕС) Россияга қарши даъво аризаси билан чиқишди.

Қурбонларнинг оилалари билдиришича, Россия «Малайзия авиайўналишлари» самолётини уриб туширган ва кейинчалик ҳалокат тафсилотларига оид суриштирувга халақит берган.

Адвокат Вейру Мева маълум қилишича, қурбонларнинг яқинларига кўра, Россия Қўшма тергов гуруҳига ҳалокат ҳақида муҳим маълумотларни бермаган ва тасдиқланмаган далилларни тақдим этган. Мева даъвогарлар Россиядан товон тўлаш талаб қилишаётгани бўйича масалага аниқлик киритмади.

Адвокатнинг фикрига кўра, агар ИҲЕС аризани қабул қилса, у беш-етти йил ичида кўриб чиқади.

24 май куни халқаро тергов гуруҳи «Малайзия авиайўналишлари» самолётининг ҳалокатига оид ҳисоботни тақдим этди. Терговчиларнинг маълум қилишича, самолётни уриб туширган «Бук» зенит ракета мажмуаси Курск яқинида жойлашган 53-зенит ракета бригадаси базасидан юборилган.

Россия Мудофаа вазирлиги бир неча бор самолёт ҳалокатига алоқадор эканини рад этди. 17 сентябрь куни вазирлик расмийлари «Боинг» 1986 йилда Украинадаги ҳарбий қисмга берилган ракета ёрдамида уриб туширилганини маълум қилишди.

2016 йил май ойида ИҲЕСга авиаҳалокатда қурбон бўлган, Австралия, Янги Зеландия ва Малайзиянинг 16 нафар фуқароси қариндошлари Россияга қарши даъво аризаси билан чиқишди. 33 нафар даъвогар 330 млн доллар миқдорида товон пули талаб қилди. 2017 йил июнь ойида яна 238 киши - Нидерландиянинг 111 нафар фуқароси қариндошлари аризага қўшилди.

Мавзуга оид