Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини рейтинг баҳолаш ва натижаларига кўра моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом” лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжатга кўра, маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини рейтинг баҳолаш ҳар йили, йилига бир марта ўтказилади.
Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини рейтинг баҳолаш қонунийлик, ошкоралик, адолатлилик, тенглик ва шаффофлик тамойилларига асосланиб ўтказилади.
Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини рейтинг баҳолаш натижасида энг намунали маҳалла фуқаролар йиғини аниқланади ва шу маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ва фаоллари моддий рағбатлантирилади.
Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини баҳолаш учун ҳар йили 20 декабрга қадар намунавий таркибда туманда Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини рейтингини баҳолаш бўйича ишчи гуруҳ тузилади.
Ишчи гуруҳ таркиби Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раиси томонидан тасдиқланади.
Ишчи гуруҳ 1 февралга қадар тумандаги ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинига чиқиб, амалга оширилган ишларни ўрганади ва Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини баҳолаш мезонлари асосида баҳолайди.
Бунда ишчи гуруҳ тегишли маҳалла фуқаролар йиғини томонидан амалга оширилган ишларни тақдим этиладиган маълумотлар асосида баҳолайди. Мезонларни баҳолашда маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи аҳоли сони, жойлашуви инобатга олинади.
Зарур ҳолларда ишчи гуруҳ томонидан тегишли ташкилотлардан маҳалла фуқаролар йиғини бўйича керакли маълумотларни сўровномалар бериш орқали олиши мумкин.
Маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти мезонларда кўрсатилган ҳар бир индикатор бўйича баҳоланиши шарт.
Ишчи гуруҳ томонидан тумандаги ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини баҳолаш натижалари ҳужжат билан расмийлаштирилади.
Баҳолаш натижалари ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда тегишли маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси (раиси бўлмаганда унинг вазифасини бажарувчи шахс) томонидан имзоланади.
Баҳолаш натижалари бўйича тузилган ҳужжатнинг бир нусхаси тегишли маҳалла фуқаролар йиғинида қолдирилади.
















