ОАВ: Ўзбекистон божхоначилари Украинанинг 4,8 млн долларлик фармацевтика маҳсулотини ушлаб турибди
Ўзбекистон Республикаси божхона хизмати Украинанинг 4,8 миллион доллардан ортиқ миқдордаги фармацевтика маҳсулотларини ҳеч қандай расмий изоҳларсиз ва ҳужжатларсиз божхона расмийлаштирувидан ўтказмаяпти. Бу ҳақда «Интерфакс-Украина» «Украина дори воситалари ишлаб чиқарувчилар» уюшмасига асосан хабар берди.
Уюшмадан аниқлик киритишларича, Ўзбекистон божхоначилари «Фармак» ХАЖнинг 2,2 млн доллар, «Юрий-Фарм» МЧЖнинг 2 млн доллар қийматдаги, шунингдек, бошқа ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини ушлаб туришибди.
Шу муносабат билан «Украина дори воситалари ишлаб чиқарувчилар» уюшмаси Украина бош вазири Владимир Гройсманга вазиятга шахсан аралашиш ҳамда унга ечим топишда кўмак кўрсатиш ҳақида илтимос билан чиққан.
Ўзбекистон Республикаси Украина фармацевтика маҳсулотларининг энг йирик импортчиси саналади. 2017 йилда Украина мамлакатга 61,2 млн доллардан ортиқ қийматдаги фармацевтика ва кимё саноати маҳсулотларини етказиб берди.
Билдирилишича, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Абдуалиев баҳолашича, Ўзбекистон ўз ҳудудида ишлайдиган Украина фармацевтика компанияларини йиллик 49-50 миллион доллар даромад келтирувчи бозор билан таъминлайди.
Ўз навбатида, Давлат божхона қўмитаси юқоридаги ҳолат бўйича ҳозирча расмий хабар бермади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Аптека» Ўзбекистон Украинадан дорилар импортини тўхтатгани ҳақида хабар берганди.
Украина тиббиёт ва микробиология саноати иш берувчилар ташкилотлари бирлашмасидан хабар қилишларича, сўнгги бир неча ҳафта давомида фармацевтика маҳсулотлари божхонада турибди, бироқ Ўзбекистон божхона хизмати нима учун у божхона расмийлаштирувидан ўтказилмаётгани ҳақида тушунтириш бераётгани йўқ.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги йиғилишда айни вақтда Ўзбекистондаги тегишли вазирлик ва идоралар Украина томони билан мазкур масалада аниқ ечимга келиш устида ишлаётгани ва яқин вақт ичида томонлар ўзаро манфаатли тўхтамга келинишига ишонч билдирган.
Мавзуга оид
21:05 / 10.11.2024
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11 / 10.11.2024
Россия Курск областига ҳужум учун 50 минг кишилик қўшин тўплади — NYT
19:02 / 10.11.2024
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
13:30 / 10.11.2024