Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 13-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.

«ЮВЕНТУС»НИНГ ИШОНЧИ ҒАЛАБАСИ, РОНАЛДУНИНГ НАВБАТДАГИ ГОЛИ

«Ювентус» ўз майдонида СПАЛ билан беллашди. Туринликлар аутсайдерлардан бирига қарши баҳсда ортиқча куч сарфламай, осонликча, 2:0 ҳисобида ғалаба қозондилар.

29-дақиқада Криштиану Роналду ҳисобни очди. У Пьяничнинг жарима зарбасидан оширган тўпини дарвозага йўллади. Бу португалияликнинг чемпионатдаги 9-голи бўлди. 60-дақиқада Дуглас Коста узоқ масофадан зарба йўллаганида, дарвозабон уни қайтарди. Аммо Манжукич тўпга етиб келиб, уни дарвозага йўллади.

Бу натижадан сўнг, «Ювентус» 37 очко билан пешқадамликни янада мустаҳкамлаб олди.

.Беллашувдан кейин, туринликлар ҳимоячиси Леонардо Бонуччи ғалабани қуйидагича изоҳлади: «Терма жамоа ўйинларидан сўнг, илк ўйиндаёқ юқори темпда ҳаракат қилиш осонмас. Биз жуда яхши ўйнаб, рақибга имконият бермадик. Роналду - топ-профессионал, биз дунёнинг энг яхши футболчиси билан кучайдик. Энди эътиборимизни Чемпионлар Лигасига қаратамиз. Биз гуруҳда биринчи бўлмоқчимиз».

Ювентус – СПАЛ 2:0 (1:0, 1:0)
24 ноябрь, «Альянц Стэдиум»
Голлар: 1:0 – 28 Роналду, 2:0 – 60 Манджукич.
Ювентус – Перин, Де Шильо, Ругани, Бонуччи, Алекс Сандро (Кьеллини, 87), Куадрадо, Пьянич, Бентанкур, Дуглас Коста (Матюиди, 72), Манжукич, Роналду.
СПАЛ – Гомис, Ладзари, Чонек, Фелипе, Бонифаци, Фарес, Миссироли (Валоти, 59), Скьяттарелла (Вальдифьори, 83), Куртич, Антенуччи, Петанья (Палоски, 85).

Огоҳлантиришлар: Чонек (39), Фарес (49), Бентанкур (64), Скьяттарелла (74).

НЕАПОЛДА СЕНСАЦИЯ – «НАПОЛИ» АУТСАЙДЕРНИ МАҒЛУБ ЭТОЛМАДИ

«Наполи» ўз майдонида мусобақанинг яққол аутсайдери «Кьево»ни қабул қилди. Ўйин кутилмаганда 0:0 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди. Мезбонлар икки баробар кўп вақт давомида тўпни назорат қилиб, дарвоза томон 17 марта зарба йўлладилар. Бироқ, «Кьево» ҳимояси бу ўйинда хатоликка йўл қўймади. Чемпионатда бирор марта ғалаба қозонмаган жамоа, ҳақиқий сенсация қайд этиб, Неаполдан очко билан қайтадиган бўлди.