Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди.

Адлия вазирлиги телеграм-канали хабарига кўра, 2019 йил 1 мартдан бошлаб:

тадбиркорлик таваккалчилиги асосида қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти жорий этилади;

қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти ер қаъридан фойдаланишнинг алоҳида тури ҳисобланади ва у ер қаъри участкаларида амалга оширилади;

мазкур фаолиятни амалга ошириш учун ер қаъри участкалари, шу жумладан ўлчамлари 1 гектардан ортиқ бўлмаган сочма олтин конлари тақдим этилади;

ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия берилади, бунда қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошларни қазиб олиш ҳуқуқига алоҳида лицензия олиш талаб қилинмайди;

ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензияларга жисмоний ва юридик шахслар талабгор бўлишлари мумкин;

лицензия Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасидаги электрон аукцион якунлари бўйича 3 йил муддатга берилади;

электрон аукционни ўтказиш ва мазкур қарорга мувофиқ лицензияни беришнинг умумий муддати “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида амалга ошириладиган барча жараёнларни ўз ичига олган ҳолда, истисно тариқасида, 10 кундан ошмайди;

ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдога қўйишнинг бошланғич нархи 7,5 млн сўмни ташкил қилади;

қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишга рухсат бериладиган ер қаъри участкалари рўйхати ҳар йили Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси таклифи асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;

лицензия ёки ер қаъри участкасидан (тўлиқ ёки қисман) фойдаланиш ҳуқуқини учинчи шахсларга бериш (топшириш), шунингдек, битта ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензияни бир неча шахсга беришга йўл қўйилмайди;

мазкур фаолият билан шуғулланувчи шахсларнинг реестрини юритиш ва уларга ажратилган ер қаъри участкаларининг давлат назорати Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан амалга оширилади;