Ҳоким Хлестаковга: «Унтер-офицернинг хотини ёлғон гапиради; мен уни урганим йўқ, Худо ҳаққи,ёлғон. Ўзини-ўзи урган».

Н.В. Гоголь, «Ревизор» (1836)

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси Украина фармацевтика маҳсулотларини божхона расмийлаштирувидан ўтказмаяпти. Бу борада ҳеч қандай расмий изоҳ берилмаганидан эса, бу Украина томонидан Ўзбекистоннинг енгил автомобиллар импортига нисбатан субсидия масаласида тергов-суриштирув ишлари ўтказилишига жавоб деб тахмин қилиш мумкин. Бу ерда гап Ўзбекистон маҳсулотларига нисбатан қандайдир ҳаракат ёки қарорлар ҳақида эмас, фақатгина текширув ҳақида бормоқда.

Божхона қўмитасининг бу ҳаракати тўғрисида нима дейиш мумкин?

Бу ноқонуний

Украина томони ҳеч қандай ноқонуний иш қилгани йўқ. Бунинг устига, ҳеч қандай нодўстона ҳаракатни амалга оширмади. Бундай текширув бозорда ҳалол рақобатни таъминлаш мақсадида ўтказиладиган оддий амалиётдир. 

Божхона қўмитаси Ўзбекистон қонунчилигини (юк ҳеч қандай асосларсиз ушлаб турилибди) ва халқаро келишувларни бузмоқда.

Бу мантиққа зид

Яхши биламизки, хорижда ўзбек автомобиллари ўзимиздагига нисбатан арзонроқ нархда сотилган. Кўпинча таннархидан ҳам арзонроққа. Бу амалда ўзбек истеъмолчилари ва солиқ тўловчилари хорижлик харидорларни субсидиялаб келганини билдиради. Яъни маҳаллий автомобиллар экспорти ўсишининг чиройли кўрсаткичлари бизнинг чўнтагимиздан молиялаштирилган. Келинг, бир саволни бериб кўрайлик: бу бизга керакми?

Агарда Украинанинг текшируви бизнинг автомобиллар субсидияланган нархларда сотилганини кўрсатиб берса, менимча, буни тан олиш ва Украина томонига бу ҳолат бошқа қайтарилмаслигини тушунтириш мантиққа мос бўлади. Айниқса, бундан буён бундай қилишнинг бизга фойдаси йўқ.

Савдо урушига кириш энг бемаъни қарор. Бунинг устига, биз энди автомобилларни таннархидан арзон сотмаймиз. Шундай экан, «уруш»нинг нима кераги бор?