27 ноябрь куни Европа чемпионлар Лигасининг тўрт гуруҳида 5-тур ўйинлари якунланди ва яна 7 жамоа расман плей-офф йўлланмасини ҳал қилди. Сўнгги турлар энди, «Шахтёр» ва «Лион»дан қайси бири F гуруҳининг иккинчи омадли жамоаси бўлишини, ҳамда гуруҳлардаги биринчи ва иккинчи ўринлар борасида аниқлик киритади холос.

Бугун эса, қолган тўрт гуруҳда ҳам ҳал қилувчи палла бошланмоқда. Парижда икки топ жамоанинг ўзаро ўйинида йўлланма учун жанг кечса, «Тоттенҳэм» «Уэмбли»да сўнгги хасга осилиб кўришга уринади. Шу ва бошқа қизиқарли учрашувлар ҳақида Tribuna.uz сайтининг анъанавий анонси билан қаршингизда. 

А ГУРУҲИ
АТЛЕТИКО – МОНАКО (23:00)
БОРУССИЯ – БРЮГГЕ (01:00)

Бу гуруҳда «Брюгге»нинг кейинги босқичга чиқиш имкониятлари ҳозирча сақланиб қолаётган бўлса-да, ғолиблар «Атлетико» ва «Боруссия» бўлишини ҳамма билиб турибди. Бельгияликлар аввал Дормундда ғалаба қозонишлари, кейин ўз майдонида «Атлетико»нинг енгишлари, бу ҳам етмагандай, бу жамоаларнинг «Монако»га қарши ўйинларда очко йўқотишларидан умид қилишларига тўғри келади. Бу жуда қийин.

«Монако»нинг ҳам ўз ҳолича мотивацияси бор. Тьерри Анри жамоаси 16 ўйиндан иборат ғалабасиз сериядан сўнг, ниҳоят, Канда ғалабага эришди. Плей-офф учун барча имконият йўқотилган бўлса-да, қолган ўйинларда ижобий натижа қайд этиш ва ҳеч бўлмаса, Европа Лигасига ўтиш учун имконият йўқотилгани йўқ.

Албатта, «Атлетико» ва «Боруссия» ўз ўйинларини юз фоизлик натижа билан тугатишни истайди. Сабаби, гуруҳда 1-ўринни олиш ва кейинги босқичда нисбатан осонроқ рақибга рўбару келишни мақсад қилишлари турган гап. Ўзаро ўйинларда Дортмунд жамоасининг устунлиги борлиги туфайли, жадвални бошқармоқда, демак «Атлетико» гуруҳ ғолиби бўлиши учун «Боруссия»нинг очко йўқотишидан умид қилишга тўғри келади. Хуллас, агар интрига топаман дейилса, ҳар қандай ҳолатдан ҳам буни уддалаш мумкин.

Дарвоқе, Мадриддаги ўйин бошқа ўйинлардан икки соат эртароқ бошланишига эътибор қаратишингиз мумкин.

В ГУРУҲИ
ПСВ – БАРСЕЛОНА (01:00)
ТОТТЕНҲЭМ – ИНТЕР (01:00)

5-тур олдидан кейинги босқичга расман чиққан жамоа «Барселона» эди. Аммо шундай бўлса-да, каталонияликлар қатнашадиган ўйинларнинг ҳам аҳамияти катта. Биринчидан, жамоанинг ўзи яна қанчадир керакли очкони қўлга киритиб, гуруҳдаги 1-ўринни ҳам ўзлариники қилиб олишлари керак. Иккинчидан, сўнгги турдаги «Барселона» – «Тоттенҳэм» ўйинида меҳмонларни фақат ғалабагина кейинги босқичга олиб чиқиши мумкин. Бу ўйин ҳам кўпчиликнинг эътиборида бўлиши табиий.