Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган маданият ва аҳоли дам олиш марказлари негизида маданият марказлари ташкил этилади.

Қуйидагилар маданият марказларининг асосий вазифалари этиб белгиланди: 

аҳолига маданий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, уларнинг маданий эҳтиёжларини қондириш ва бўш вақтларининг мазмунли ўтишини таъминлаш, ижодий жамоаларнинг миллий қадрият, урф-одат ва анъаналарни ўзида мужассам этган намунали дастурларини шакллантириш; 

халқ ижодиёти ва бадиий ҳаваскорлик санъатини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, бадиий ва амалий ижодий жамоалар, ҳаваскорлик гуруҳларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиши учун қулай шарт-шароит яратиш ҳамда ижодий жараённи тизимли равишда бойитиб бориш; 

болаларни тўгаракларга жалб этиш, хорижий тилларни ўрганиш ва “нутқ маданияти” бўйича курсларни ташкил этиш, халқ ижодиётининг барча жанр ва йўналишлари, ҳаваскорлик санъати ва номоддий маданий меросни кенг тарғиб қилиш ҳамда уларни асл ҳолича келажак авлодга етказиш; 

адабиёт ҳамда санъат арбоблари ва профессионал ижодий гуруҳлар билан маънавий-маърифий, маданий-оммавий тадбирлар ташкил этиб, улар иштирокида аҳоли, хусусан, ёшлар билан бевосита бадиий учрашувлар ва давра суҳбатларини ўтказиш; 

танловлар, халқ ижодиёти ва томоша санъатининг туман (шаҳар) миқёсидаги фестивалларини ўтказиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш; 

оммавий байрам, томоша ва халқ сайилларини ташкиллаштириш, ижтимоий-маданий соҳада юридик ва жисмоний шахслар билан тузилган шартномалар бўйича уларга пулли хизматлар кўрсатиш.