Иқтисодий тараққиёт маркази директори, иқтисодчи Юлий Юсупов хорижий валютани ноқонуний алмаштирганлар учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни кучайтириш мавзусида навбатдаги мақоласини тақдим этди.
Марказий банк департаменти директори Бобур Абубакиров «банклар хорижий валютани жисмоний шахсларга чекловларсиз сотаётгани боис» қора бозор пайдо бўлишига олиб келадиган монетар сабаблар «йўқлиги»ни маълум қилди. Валюта қора бозорининг мавжудлиги «қора» ва «кулранг» импорт борлиги билан изоҳланмоқда.
Аввало шуни айтмоқчиманки, Марказий банкнинг кейинги бир ярим йилдаги саъй-ҳаракати ва сиёсатига ҳурмат билан қарайман. Кўплаб реал ислоҳотлар ва олдинга силжишлар: валюта бозорининг либераллашуви, банк фаолиятини маъмурий бошқариш усулларидан мунтазам равишда воз кечилиши, инфляцияни жиловлаш сиёсати учун айнан Марказий банкдан миннатдор бўлишимиз керак. Аммо айтишади-ку, «Афлотун менинг дўстим, аммо ҳақиқат устунроқ» деб.
Менимча, жаноб Абубакировнинг сўзларида мантиқий қарама-қаршиликлар бор. У жисмоний шахслар валютани чекловларсиз сотиб олишлари мумкинлигини таъкидламоқда. Фақат буни унинг назарида чеклов ҳисобланмайдиган конверсион карта орқали амалга ошириш лозим. Бошқа томондан эса, у савдогарлар ва контрабандачилар нақд валютани қора бозордан сотиб олишни маъқул кўришларини айтмоқда.
Агарда конверсион карта орқали валюта сотиб олишга чеклов бўлмаса, унда нега улар валютани банкдан сотиб олишмаяпти? Демак, бу барибир чеклов бор эканлигини билдирадими? Ва айнан мана шу нарса оддий одамларни (нафақат контрабандачиларни) қора бозорга боришга мажбур қилмоқда.
Бошқа савол: агар Марказий банк аҳолининг валюта сотиб олишини чекламоқчи бўлмаса, унда нима учун шу пайтгача (амалдаги операциялар бўйича конвертация жорий этилганига бир йилдан ошди!) валюта нақд кўринишда сотилмаяпти? Нима учун Марказий банк одамларга валютани конверсион картасиз нақд сотиб олишга рухсат бермаяпти? Мана шу саволга асло жавоб ололмаяпмиз.
Ва ниҳоят, учинчи савол. Айирбошлаш пунктлари етишмагани сабабли одамлар кўпинча банкка эмас, қора бозорга боришади. Нима учун марказий банк хусусий айирбошлаш пунктлари фаолият олиб бориши учун лицензия бермаяпти? Бунда қандай муаммо бор?














