Ўзбекистон | 17:20 / 29.11.2018
26180
3 дақиқада ўқилади

Президент Хивада янги қурилган вокзални кўздан кечирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи давомида Хива шаҳрида қад ростлаган замонавий ва кўркам вокзални кўздан кечирди. Бу ерда йўловчилар ва сайёҳлар учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишди. Бу ҳақида “Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизмати хабар берди.

Шунингдек давлат раҳбарига Хива вокзалининг олд қисмида миллий услубда бунёд этилган меҳмонхоналар, маиший бино ва иншоотлар, дам олиш масканлари ҳақида маълумот берилди.

Таъкидлаш жоизки, Президентнинг 2017 йил 25 апрелдаги қарорига мувофиқ, 2017-2018 йиллар давомида Урганч – Хива оралиғида янги темир йўл участкасини қуриш, замонавий Хива вокзалини барпо этиб, атрофни ободонлаштириш ишлари белгиланган эди. Темирйўлчилар ўзларига билдирилган ишончни оқлашди ва умумий қиймати 35,9 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳани қисқа муддатда амалга оширишди. Хива шаҳрида бир вақтнинг ўзида 200 йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга бўлган, миллий услублар билан уйғунлашган замонавий вокзал қуриб битказилди. Шу билан бирга, Урганч вокзалидан Хива шаҳригача умумий узунлиги 33,78 км (асосий йўл 29,6 км) бўлган темир йўл қурилди.

Ўтган қисқа вақт давомида лойиҳа доирасида режалаштирилган 124 та суний сув иншоотлари, 5 та кўприк ва 1 та йўл ўтказгич қуриб битказилди. Эндиликда бунёд этилган янги линияда ташишлар «Урганч» ва «Хива» станциялари орқали амалга оширилади. Вокзал сўнгги русумдаги техника воситалари билан жиҳозланди. Бу ерда замонавий ВИП-зали, дам олиш, она ва бола, тиббиёт хоналари, кутубхона мавжуд. Режага мувофиқ, унинг олдида мусиқали фаввора ўрнатилди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан ушбу ҳудудда барча қулайликларга эга 3 та меҳмонхона қурилишининг якуний ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, «Хива-Локомотив» истироҳат боғи барпо этилмоқда. Унда 57 сотихли кўл, 27 хил аттракцион, амфитеатр, замонавий савдо расталари фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Бундан аввал Kun.uz’да Хива вокзали ва унинг атрофидаги инфратузилмалар билан боғлиқ мақола тақдим этилган эди.

Мавзуга оид