Яқинда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган видео кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу видеода Бухоро шаҳридаги мевали дарахтлардан иборат боғ махсус техника ёрдамида аёвсизларча суриб ташланаётгани акс этган.
Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро Хосият Жалолованинг Kun.uz таҳририятига йўллаган, айнан ушбу видеолавҳа билан боғлиқ мурожаати жойида ўрганилиб, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўлган ҳолатга имкон қадар ойдинлик киритилди.
Youtube'да кўриш
Mover'да кўриш
Бухоро шаҳридаги «Фурқат» маҳалласи ҳудудидаги аввал яшнаб турган боғ ўрнида ҳозирда қурилиш учун кавланган ер ва мевали дарахтлардан бир уюм ўтин қолган.


Ушбу ҳолат юзасидан Хосият Жалолова қуйидагиларни сўзлаб берди.
«Уйимиз яқинида «Бухороёғэкстракт» очиқ акциядорлик жамиятига тегишли клуб бор эди. Анча йиллар аввал клубнинг атрофи чиқиндиларга тўла, ташландиқ жой эди. Шу ерни кўкаламзорлаштириш мақсадида шаҳар ҳокимига мурожаат қилган эдим. 2009 йилда рухсат беришди. Неча йиллардан буён меҳнат қилиб, бу ерни унумдор ерга айлантирдим. 500 тупдан ортиқ мевали дарахт экиб, боғ яратдим. Энди эса шаҳар ҳокимлиги бу ерни мендан тортиб олди ва бир кунда келиб, боғни аёвсизларча бузиб ташлашди. Шунча меҳнатим ва боғимга ачинаман. Неча йиллардан буён қанчадан-қанча маблағ сарфлагандим бу ерга. Бу ерга уй қурилади, дейишди. Ахир, ўша уй қурмоқчи бўлганларнинг ўзлари боғ қилишимга рухсат беришганди-ку?! Ўз вақтида огоҳлантиришганда мен шунча меҳнатимга, сарф-харажатга куйиб қолмасдим. Ҳаттоки, боғ бузилишидан кейин дарахтлардан қолган ўтинни ҳам менга раво кўришмади ва сотиб юборишди. Менга етказилган зарар қопланишини сўрайман», – дейди Хосият Жалолова.



















