Жаҳон | 16:08 / 03.12.2018
47357
2 дақиқада ўқилади

Порошенко нима учун Украина кемалари Керч бўғозини кесиб ўтганини айтди

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Украина президенти Пётр Порошенко мамлакат ҳарбий кемалари нима мақсадда Мариуполга Керч бўғози орқали юборилганига аниқлик киритди. Бу ҳақда УНН хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, кемалар ушбу йўлдан шу сабабдан кетганки, агар улар қуруқликдан олиб ўтилганида, бу Керч бўғози Россияга тегишли эканини тан олишни англатган бўларди. Президентнинг қўшимча қилишича, бу «руслар истилоси» тан олинишини ҳам билдирарди.

«Кимдир биз бошқа йўллардан фойдаланиб, ҳарбий кемаларни қуруқликдан олиб ўтишимиз кераклигини айтишмоқда. Ҳурматли сиёсатчилар, бу нимани англатади? Керч бўғозини русларга беришни таклиф қилмоқчимисизлар?», - деди Порошенко.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пётр Порошенко Россия президенти Владимир Путинда Россия империясини тиклаш ва Украинани эгаллаб олиш истаги мавжудлигини айтганди.

«Путин аввалги Россия империясини қайтармоқчи. Қрим, Донбассни, у бутун мамлакатни қайтариб олишни истайди. У ўзини Россия императори сифатида кўради, унинг империяси Украинасиз ишлаши мумкин эмас, деб ҳисоблайди. У бизни колония деб билади», - деди Порошенко. 

Мавзуга оид