Ўзбекистон | 16:34 / 03.12.2018
13041
4 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлар фаолиятини текшириш электрон юритилади

Фото: Dreamstime

Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг буйруғи билан Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимини юритиш тартиби ҳақидаги низом тасдиқланди.

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимини юритиш тартиби ҳақидаги низомга кўра, текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларига юборилган буюртма, шунингдек текширув тўғрисида маълумотлар, мониторинг ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида аниқланган қонунбузишларни бартараф қилиш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар киритилади.

Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Ягона тизимда мажбурий тарзда рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Ягона тизим тўлиқ ишга туширилгунга қадар текширув ўтказишни келишиш билан боғлиқ бўлган ёзишмалар қоғоз шаклида расмийлаштирилади.

Назорат қилувчи органлар ва ваколатли орган ўртасидаги давлат сири билан боғлиқ бўлган текширувларни ўтказишга оид ахборот алмашинуви давлат сирларини сақлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган. 

Назорат қилувчи органнинг масъул ходими Ягона тизимда prokuratura.uz сайти орқали рўйхатдан ўтади.

Назорат қилувчи органларга Ягона тизимга кириш учун логин ва пароль Бош прокуратура томонидан ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқ берилади ва алоҳида муҳрланган конвертда юборилади.

Логин ва пароллар реестри Бош прокуратуранинг Солиқ ва божхона ислоҳотларини амалга ошириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси томонидан юритилади.

Назорат қилувчи органнинг масъул ходими Ягона тизимда рўйхатдан ўтганидан сўнг Бош прокуратура бошқармаси унинг маълумотларини тизим ичида тасдиқлайди.

Ягона тизимда рўйхатдан ўтказишни тасдиқлаш бир иш куни давомида амалга оширилади.

Назорат қилувчи органнинг масъул ходими Ягона тизимда бир маротаба рўйхатдан ўтказилади.

Назорат қилувчи органнинг масъул ходими ўзгарганда Ягона тизимдаги логин ва пароль назорат қилувчи орган томонидан ахборот хавфсизлиги талабларига оид ички қоидалар асосида янги ходимга ўтказилади.

Назорат қилувчи органнинг масъул ходими ўзгарганлиги ҳақида назорат қилувчи орган бир иш кунида Бош прокуратура бошқармасини хабардор қилади.

Ваколатли органнинг масъул ходимига логин ва пароль Бош прокуратура бошқармаси томонидан берилади ҳамда ходим белгиланган тартибда prokuratura.uz сайтида рўйхатдан ўтади.

Текширув ўтказишни келишиш учун назорат қилувчи орган томонидан Ягона тизимга қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли маълумотлар киритилади.

Текширувларни ўтказишга оид буюртмалар ваколатли органнинг масъул ходими томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Буюртма уч иш куни ичида, фавқулодда ҳолатлар бўйича бир иш кунида кўриб чиқилади.

Ваколатли орган томонидан текширув ўтказишни келишиш ҳақида қарор қабул қилинганда ушбу органнинг масъул ходими томонидан Ягона тизимда махсус рақам (код) асосида “Рухсат берилсин” мақоми танланади.

Текширув ўтказишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинганда ваколатли органнинг масъул ходими томонидан унинг аниқ сабаби кўрсатилган ҳолда “Рад этилсин” мақоми танланади.

Рад этиш сабаблари бартараф этилганда, текширувларни ўтказиш учун буюртма янгидан расмийлаштирилади.

Ягона тизимда буюртма рўйхатдан ўтказилиб, текширув учун махсус рақам (код) олингандан кейин назорат қилувчи орган томонидан тадбиркорлик субъекти фаолиятида текширув ўтказиш ташкил этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид