Ўзбекистон Республикаси президенти “Республикада пиллачилик тармоғини жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг мавжуд тутзорларни “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг ҳудудий “Агропилла” МЧЖларига ўтказиб бериш ва янги тутзорлар барпо этиш борасидаги фаолияти лозим даражада ташкил этилмаган.
Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 20 августдаги “Республикада пиллачилик тармоғидаги мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3910-сон қарорига мувофиқ “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг республика ҳудудларида аҳолини иш билан таъминлаш ва уларнинг даромадларини ошириш мақсадида пиллачилик тармоғи ташкилотлари томонидан томорқа ер эгаларига (аҳоли хонадонларига) 50 бошдан 90 кунлик парранда ва тут кўчатларини шартнома асосида бепул етказиб бериш тўғрисидаги таклифлари маъқулланган.
Ҳужжатга кўра, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқилган:
2019-2021 йилларда пиллачилик тармоғи ташкилотлари томонидан томорқа ерларида (аҳоли хонадонларида) тут кўчатлари экишни ва парранда боқишни ташкил этишнинг мақсадли прогноз параметрлари;
2019-2021 йилларда пиллачилик тармоғи ташкилотлари томонидан ипак қуртини парваришлаш иншоотларини қуришнинг мақсадли прогноз параметрлари тасдиқланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, “Паррандасаноат” уюшмаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда бир ой муддатда мазкур қарор билан тасдиқланган мақсадли прогноз параметрлари бажарилишини таъминлаш юзасидан туманлар, пиллачилик тармоғи ташкилотлари, томорқа ерлари (аҳоли хонадонлари) кесимида манзилли чора-тадбирлар дастурларини тасдиқлайди ҳамда уларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва самарали ижро этилишини таъминлайди.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси мазкур қарор билан тасдиқланган прогноз параметрлари ижроси юзасидан тизимли мониторинг ўрнатади ҳамда амалга оширилган ишлар натижасини таҳлил қилган ҳолда ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиб боради.

















