Қачонлардир оға-ини, славянларнинг асоси бўлган икки миллат, икки давлат бугунги кунда ўзаро очиқ урушдан ташқари барча турдаги зиддиятларни бошдан кечирди. Кўпчилик мутахассислар тез орада кенг қамровли ҳарбий ҳаракатлар ҳам бошланишидан огоҳлантиришмоқда. Хўш, аслида қон-қариндош бўлган икки давлатнинг муносабатлари нега бу қадар чигаллашиб кетди?

Икки давлат тарихи

Энг қизиғи, ҳар икки мамлакат умумий тарих – Киев руси билан фахрланади, ўз мафкурасини шу асосда қуради, барча адабиётларида шонли онлар кенг тарғиб қилинади. Украина «Киев руси» деган номнинг ўзиёқ Украина пойтахти билан боғлиқлигини таъкидласа, Россия рус миллатига урғу беради ва Киев азалдан русларники эканлигини даъво қилади. Шунингдек, кўпчилик рус тадқиқотчилари Украина топоними русча «Окраина» шаҳар ёки давлат чеккаси, яъни буюк Русь мамлакатининг четки сарҳади эканлигини сингдиришга ҳаракат қилишади.

Нима бўлганда ҳам мўғул-татар юришлари даврида умумий тарих давомийлигига худди славянларнинг қўшинлари сингари барҳам берилди. Асрлар ўтиб русларнинг ҳокимияти ва асосий кучлари Киев томондан шарқ сари сурила бошлади ва Москва, Санкт-Петербург, Новгород каби шаҳарларда ривожланиш кучайди. Киев ва қатор шаҳарлар Буюк Литва князлиги тасарруфига ўтиб кетди.

Кейинчалик Пётр I ва Екатерина II саъй-ҳаракатлари билан ҳозирги Украинанинг катта ҳудуди Россия империяси таркибига киритилди.

Иттифоқ йиллари

Россия империясининг таназзули, октябрь инқилоби даврида Украинадаги қатор миллатпараст кучлар ўзларининг мустақил давлатларини тузишга уриниб кўрди. Аммо қизилларнинг қўли баланд келиши охир-оқибат бу ҳудудда ҳам иттифоққа бўйсунувчи бир республика тузилиши билан якунланди. РСФСР ва УССР 1922 декабрдан бошлаб айни шу бошқарув шаклида иттифоқ таркибига кирди.

Иттифоқ даврида Украина ишлаб чиқариш, саноат, маданият ривожланган етакчи республикалардан бири бўлган. ЯИМ ҳажми бўйича иттифоқ миқёсида фақат Россия Федерациясидан ортда қолар, бу борада ўша даврларда ҳатто Германияни ортда қолдирадиган республика эди. Аҳоли сони, ҳудуддаги ҳарбий потенциал бўйича ҳам Украина иккинчи ўринни мустаҳкам эгаллаб келарди.

Мустақиллик йиллари

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларига келиб иттифоққа дарз кетди, ҳамма республикалар бирин-кетин мустақиллик эълон қила бошлашди. Украина ҳам 1991 йилнинг 24 августида ўз мустақиллигини эълон қилди.