Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ташкил этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5590-сонли фармони қабул қилинди.
Президент фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ташкил этилмоқда ҳамда қуйидагилар унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланмоқда:
- кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларни янада такомиллаштириш ва мувофиқлаштиришга қаратилган тиббий-ижтимоий ёрдамнинг ягона сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш;
- ногиронликни белгилашнинг кенг қамровли ягона тизимини яратиш мақсадида норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш;
- тиббий-ижтимоий муассасаларнинг кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;
- муҳтож шахсларни протез-ортопедик буюмлар ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;
- тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш ва уларни мувофиқлаштириш.
Агентлик мустақил юридик шахс бўлиб, ўз баланси, банк муассасаларида ҳисоб варақлари, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган муҳрига эга бўлади.
Унга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.
Агентлик директори ўз мақоми, маиший, тиббий ва транспорт хизмати шарт-шароитларига кўра Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарига тенглаштирилади.
“Мурувват” ва “Саховат” интернат уйлари, Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази, ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳудудий реабилитация марказлари, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторий ва пансионатлар, имконияти чекланган шахслар учун республика ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, Одам савдоси қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича республика реабилитация маркази белгиланган тартибда Вазирлик таркибидан Агентлик тасарруфига ўтказилади.
Мавзуга оид
15:41 / 02.04.2022
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Чироқчида сайёр қабул ўтказмоқда
07:27 / 02.04.2022
Чет эл фуқароларига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тасдиқланди
08:01 / 29.03.2022
Апрелда олис ҳудудларда махсус контейнерли 1 700 та тиббиёт пункти ташкил этилади
15:38 / 24.03.2022