Ўзбекистон | 01:33 / 08.12.2018
16223
4 дақиқада ўқилади

Ҳудудларда соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг “кластер” модели шакллантирилади — Президент фармони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5590-сонли фармони қабул қилинди.

Фармонда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини тубдан оширишни таъминлайдиган соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш ва молиялаштиришнинг концептуал жиҳатдан янги моделларини шакллантириш, тиббиёт фани ва технологияларининг замонавий ютуқларини жорий этиш мақсадида, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишлари, деб ҳисобланиши белгиланмоқда:

  • соғлиқни сақлаш соҳасидаги миллий қонунчиликни уни унификациялаш ҳамда тиббий хизмат сифатини ошириш ва беморлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, тиббиёт ходимларининг масъулияти ва ҳимояланганлигини кучайтиришга қаратилган тўғридан-тўғри таъсир қилувчи қонунларни қабул қилиш орқали такомиллаштириш;
  • жаҳон стандартлари асосида менежмент ва тиббий хизматлар сифатини бошқаришнинг энг намунали амалиётларини жорий этишни таъминлайдиган замонавий бошқарув тизимини ва ҳудудларда соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг “кластер” моделини шакллантириш, тиббиёт ва фармацевтика муассасаларини аккредитация қилиш, шифокорлик ва фармацевтик фаолиятни лицензиялаш тизимини жорий этиш;
  • тиббиёт соҳасини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам ҳажмини белгилаш, тиббий хизматлар учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича “ҳар бир даволанган ҳолат” учун тўлаш тизимини ҳамда киши бошига молиялаштиришнинг янги механизмларини жорий этиш, шунингдек, мажбурий тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этиш;
  • тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, сифати ва оммабоплигини ошириш, шунингдек, тиббий стандартлаштириш тизимини шакллантириш, ташхис қўйиш ва даволашнинг юқори технологик усулларини жорий этиш, патронаж хизмати ва диспансеризациянинг самарали моделларини яратиш орқали соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва касалликларни профилактика қилиш;
  • тиббий генетикани, аёллар ва болаларга шошилинч ва ихтисослашган тиббий ёрдамни ривожлантириш асосида, замонавий скрининг дастурларини жорий этиш, “Она ва бола” ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт мажмуалари ва маълумотлар тизимларини шакллантириш асосида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш;
  • хусусий соғлиқни сақлаш тизими, давлат-хусусий шериклигини ва тиббий туризмни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасига инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва рақобат муҳитини яхшилаш;
  • фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш, нарх шаклланиши механизмларини такомиллаштириш, дори воситалари, тиббий техника ва буюмлар ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини кенгайтириш;
  • тиббий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини шакллантириш, тиббиёт фанини ривожлантириш, шу жумладан, тиббиёт илмий ва таълим муассасаларини халқаро стандартлар бўйича сертификатлаштириш (аккредитациядан ўтказиш) замонавий таълим дастурлари, усул ва технологияларини жорий этиш асосида;
  • “электрон соғлиқни сақлаш” тизимини кенг жорий этиш, ягона миллий стандартлар асосида интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси мажмуасини яратиш.
Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид