Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг 2018 йил 12-14 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикасига қилган давлат ташрифидан сўнг Беларусь Республикасининг бир қатор олий таълим муассасалари билан республикамизнинг етакчи олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Жумладан, Тошкент давлат техника университети Беларусь давлат технологиялар университетети билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган эди. Ушбу ҳамкорлик шартномасига мувофиқ 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Беларусь давлат технологиялар университетети билан ҳамкорликда 3 та таълим (Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш; Информатика ва ахборот технологиялари; Биотехнология) йўналишлари бўйича қўшма таълим дастури асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Университет ректори профессор С.М.Турабджанов 2018 йилнинг 3-6 декабрь кунлари Олий ва ўрта махсус таълим вазири профессор И.У.Маджидов бошчилигидаги делегация билан Беларусь Республикасида бўлиб, бир неча олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик ишларини амалга ошириб қайтди. Жумладан, Беларусь Миллий техника университети билан ҳамкорликда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб 4 та (Материалларга қайта ишлов бериш машиналари ва технологиялари; Автомобиль транспорти (автомобилларни эксплуатация қилиш ва хизмат кўрсатиш); Машинасозлик ишлаб чиқаришининг технологик жиҳозлари; Метрология, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш) бакалавриат таълим йўналишлари ва 4 та (Транспорт; Энергетика; Энергетик тизимлар ва мажмуалар; Машинасозликда конструкцион материалларни қайта ишлаш) магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Имзоланган «Йўл харитаси» доирасида Беларусь Миллий техника университети билан ҳамкорликда Тошкент давлат техника университетида 2019 йилда илмий-технологик технопарк ташкил этилиши белгиланди. Бу эса республикамиз иқтисодиётининг реал секторлари учун талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлашга замин яратади.

Бундан ташқари Беларусь Миллий техника университети билан ҳамкорликда Тошкент давлат техника университети базасида 2019 йилда амалий техник квалификациялар бўйича кадрлар тайёрловчи Ўзбек-Беларусь қўшма тармоқлараро институт очилади. Мазкур институтга ўзбекистонлик ёшларни кўпроқ қамраб олиш ҳамда юртимизда нуфузли хорижий олий таълим муассасаси салоҳияти ва тажрибасидан унумли фойдаланган ҳолда қатор амалий ишлар олиб борилиши кўзда тутилган.