Ўзбекистон | 12:50 / 11.12.2018
127785
3 дақиқада ўқилади

Гулнора Каримованинг ўғли онаси жамоатчилик ишларига қайтиш ниятида эканини маълум қилди

Буюк Британияда истиқомат қилувчи кичик Ислом Каримовнинг Instagram’даги саҳифасида ёзишича, онаси Гулнора Каримова жамоатчилик ишларида иштирок этишга қайтиш ниятида.

«Мамлакатимиз тараққиёти ва муваффақиятлари Ватанимиз фуқароларининг қалбида. Сўнгги йилларда давлатимизнинг янги йўлида келгусидаги ривожланишга умид берган катта саъй-ҳаракатлар амалга оширилди», - деди у.

Умуман олганда, кичик Ислом Каримовнинг маълум қилишича, онаси Ўзбекистон учун, хусусан, маданият, мода, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида кўплаб фойдали иш қилди. Унинг таъкидлашича, Гулнора Каримова яна мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида иштирок этишга тайёр.

Ўтган йилнинг ёзида Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова ишининг баъзи жиҳатларини очиқлаган эди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Гулнора Каримова айбланаётган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Шунингдек, Буюк Британия ҳукумати Гулнора Каримованинг қироллик ҳудудидаги кўчмас мулк объектлари ва бошқа активларини хатлашни режалаштираётгани ҳақида хабарлар ҳам тарқалганди.

«Бошқарма 2002 йили жорий этилган қонунга мувофиқ объектларни фуқаролик тартибида мусодара қилиш ҳақида суд даъвоси билан мурожаат қилди. Даъво бир неча активларга, шу жумладан, Ўзбекистонда Гулнора Каримова ва Рустам Мадумаров иштирокидаги коррупциявий битимлардан олинган даромадлардан фойдаланиб сотиб олингани тахмин қилинадиган учта кўчмас мулк объектига тааллуқлидир», - дейилган Британиядаги Ўта йирик миқдордаги фирибгарликларга қарши курашиш бюроси (Serious Fraud Office) хабарида.

Бош прокуратура Буюк Британияда Гулнора Каримовага тегишли кўчмас мулк хатлов қилиниши бўйича суд жараёни ҳақида изоҳ берди.

«Бу масалага келадиган бўлсак, биз қатор хорижий давлатлардаги ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик қилмоқдамиз, жумладан, Швейцария прокуратураси билан қалин алоқалар йўлга қўйилган. Британия томони бўйича масалага келсак, айни дамда Британия ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари билан Гулнора Каримова иши бўйича қонуний кучга кирган суд қарори доирасида активларни қайтаришга доир музокаралар олиб борилмоқда», - дея айтиб ўтди Бош прокуратура матбуот хизмати вакили Сурайё Раҳмонова.

Мавзуга оид