Тарихдан маълумки, ҳар бир давлат ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини акс эттирувчи кўплаб қонунлар қабул қилган, йилдан-йилга, асрдан-асрга бу ҳужжатлар тўлдирилиб, такомиллаштириб борилган. Айнан мана шу қонунлар гарчи қатор камчиликлари билан бўлса-да, умумий қоидаларни белгилашда муҳим омил бўлган.
Ҳар қандай қонунларнинг асл моҳияти инсонларнинг манфаатлари учун хизмат қилиши зарурлиги ҳисобга олинса, бундан роппа-роса 70 йил муқаддам, 1948 йилнинг 10 декабрида қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси»нинг башарият тарихида нақадар муҳим ҳужжат экани аён бўлади.
Ибтидо

Фото: БМТ
1945 йил. Одамзод Иккинчи жаҳон урушидан қутулиб, ўзининг хунрезликларидан даҳшатга тушиб турган бир пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилди. БМТ ўзининг бош вазифаларидан бири сифатида жаҳондаги инсон ҳуқуқларини таъминлаш дея белгилаб олди.
Эзгу мақсадни кўзлаган БМТ томонидан бу масала юзасидан махсус комиссия тузилди ва 1947 йилнинг 27 январидан бошлаб 10 февралига қадар Лейк-Саксес шаҳарчасида Элеонора Рузвельт бошчилигидаги бу комиссия «Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси»нинг дастлабки қоралама ҳужжат устида ишладилар.
Комиссия таркибига Австралия, Бельгия, Буюк Британия, Хитой, Куба, Миср, Ҳиндистон, Эрон, Ливия, Панама, СССР, АҚШ, Уругвай, Филиппин, Франция, Чили, Югославия каби давлатлар вакиллари киритилганди.
Ҳуқуқлар тўқнашуви
Инсон ҳуқуқларини ўзида акс эттирган умумий ҳужжат яратиш лозимлигини ҳамма тушунар, аммо бу осон масала эмасди. Сабаби ҳар бир давлатнинг ўз қонунлари, ҳуқуқлар бўйича ўз тушунчалари бўлиб, қайсидир давлат фуқароси учун оддий туйилган ҳуқуқ (масалан кўпхотинлилик) бошқа бир давлат фуқаросининг тасаввурига ҳам сиғмасди. Комиссиянинг илк йиғилишидаёқ томонлар баҳсларга киришиб кетишди ва бу шаклда ишлаш самара бермаслиги аён бўлиб қолди. Шундан сўнг, комиссия аъзолари уч гуруҳга бўлинди ва ҳар бир гуруҳ ўз лойиҳасини тайёрлашга киришди. Якунда ҳар бир гуруҳнинг энг илғор таклифлари умумий лойиҳага киритилиши, умумий лойиҳани эса комиссиянинг келгуси йиғилишида кўриб чиқиш белгиланди.


















