Сешанба оқшомида Чемпионлар лигасида 4та гуруҳда охирги тур учрашувлари бўлиб ўтади. Иккита гуруҳда плей-офф учун кураш қизғин кечади.
А гуруҳи: «Монако» мухлислар учун ўйнайди

«Монако» икки ҳафта олдиноқ еврокубоклар йўлланмаси учун имконият йўқотиб бўлганди. Тьерри Анри жамоаси учун охирги тур ўйини ўртоқлик учрашуви мақомида бўлади. Монегаскликлар ҳали ҳам мотивацияни йўқотмаган «Боруссия» Дортмундни қабул қилади, бу гуруҳда дортмундликлар «Атлетико»дан икки очко кам жамғарган ҳолда иккинчи ўринда жойлашган ва охирги тур натижаларига кўра мадридликларни қувиб ўтишдан умид узмаган.
Дортмундликлар айни вақтда аъло кайфиятда -- шанба куни жамоа Рур дербисида «Шальке»ни мағлуб этди ва бундеслигадаги биринчи ўринни янада мустаҳкамлади. «Боруссия» энди иккинчи ўриндаги бошқа «Боруссия»дан 7 очко олдинда, «Бавария» 9 очкога ортда қолдирилган. Кўп эҳтимол билан бу мавсумда Германияда чемпион ўзгаради. «Монако»нинг ишлари эса аксинча: «Амьен» устидан қозонилган ғалаба ҳам монегаскликларни 19-ўриндан юқорига олиб чиқа олмади. Уикендда «Ницца» билан кечиши керак бўлган учрашув эса мамлакатни қамраб олган намойишлар туфайли қолдирилди.

B гуруҳи: «Тоттенҳэм» ёки «Интер»

Бир йил муқаддам «Тоттенҳэм» бош мураббийи Маурисио Почеттино «Арсенал» ёки «Барселона»ни бошқаргандан кўра, фермада ишлашни маъқул кўриши ҳақида айтганди. «Эспаньол»нинг собиқ мураббийи собиқ иш жойида принципиал рақиб бўлган жамоани ҳалигача ёмон кўради. «Барселона»га қарши ўйин ушбу аргентиналик мутахассис учун алоҳида аҳамиятга эга.
«Шпорлар» «Камп Ноу»да ғалаба қозониши шарт. «Барселона» муддатидан аввал биринчи ўрин масаласини ҳал қилиб бўлган.
Гуруҳдаги параллел учрашувда «Интер» натижа керак бўлмаган «ПСВ»ни қабул қилади, шу туфайли «Тоттенҳэм» плей-оффга чиқиш учун Каталонияда камида миланликлар қандай ҳисобда ғалаба қозонса, шундай ҳисобда ғалаба қозониши керак бўлади.
«Биз ғалаба учун ўйнашга 200 фоизга тайёрмиз. Рақиб гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб бўлган, аммо Чемпионлар лигасида ҳеч ким сенга совға тортиқ қилмайди», деган лондонликлар бош мураббийи ўйиндан олдин.

















